O'zMU » Yangiliklar » ЎзМУга қабул жараёни тележурналистлар нигоҳида

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга кириш орзусида умид билан келишаётган ёш иқтидор соҳиблари бу қутлуғ даргоҳда ўзлари учун яратилган шароитлардан қанчалик мамнун эканликларини изоҳлашга ҳожат йўқ. 
Қабул жараёнлари ойнаи жаҳонда холисона ва теран нигоҳ ила ёритилмоқда. Шу кунгача Ўзбекистон телевидениесининг “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маданият ва маърифат” каналлари орқали намойиш этилган ана шундай лавҳалар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
 
Бугун “Дунё бўйлаб” телеканали бир гуруҳ ижодкорлари ЎзМУга ташриф буюрдилар. Режессёр Абдулҳамид Турсунов, муаллиф ва бошловчи Исфандиёр Бургутбоев, тасвирчи Маъруф Эрматов қабул жараёнларини теран нигоҳ билан кузатиб, тасвирга олдилар. 
– Мен 2008 йилда тиббиёт коллежини тамомлаганман, ижтимоий фанларга, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасига жуда қизиқаман,– дейди абитуриент Зилола Абдуқаюмова тележурналистларга берган интервьюсида.– Афсуски, ўшандан буён ўқишга кириш насиб этмади. Ҳар йили “ўтиш бали”га озроқ етмай қоларди... Яқинда олий таълим муассасаларига қабул жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ва давра суҳбатларини катта қизиқиш билан кузатдим. Аввало ўқишга кириш, яъни, тест синовларида шаффофлик бўлиши ҳақидаги фикрлар кўнглимда умид уйғотди. Қолаверса, бу йил суперконтракт масаласи ҳам ижобий ҳал этилишига қаратилган саъй-ҳаракатлар менга маънавий куч ва қанот бахш этди! Шундай умид билан бугун ЎзМУнинг Ижтимоий фанлар факультетига ҳужжат топширдим. 

Кўрсатувни тасвирга олиш жараёнлари қанчалик холис бўлаётганини зукко абитуриентлар ҳам қизиқиш билан кузатдилар. 
Шуни фахр ила айтиш ўринлики, мазкур телеканал бош муҳаррири, таниқли журналист Ғофур Жамолов ташаббуси билан қатор кўрсатувлар мазмунан бойиб, телетомошабинлар олқишига сазовор бўлмоқда. 
“Дунё бўйлаб” телеканалидан хабар беришларича, мазкур лавҳалар шу йил 29 июнь куни соат 19.00 да бошланадиган “Тафсилот” кўрсатувида намойиш этилар экан. Уни 30 июнь куни эрталаб соат 7.00 да такроран кўриш мумкинлигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз. 
ЎзМУ Қабул комиссияси Ахборот хизмати