O'zMU » Yangiliklar » Муқаддас қасамга содиқ ўғлонлар

Муқаддас қасамга содиқ ўғлонлар

Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ҳарбий кафедрасида сабоқ олган талаба йигитларнинг ҳарбий қасамёдига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

 

Унда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, Ҳарбий кафедра мураббий-офицерлари, талабалар ва уларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

 

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов бўлғуси заҳирадаги офицерларни қутлар экан, уларни она Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидек асрашдек муқаддас бурчларини шараф билан бажаришларига омад тилади. ЎзМУ ректорининг ҳарбий қасамёд қабул қилган йигитларга қарата: «Муқаддас қасамга умрбод содиқ бўлинглар!» деган тилаклари анжуман иштирокчиларини ҳам тўлқинлантириб юборди

ЎзМУ Ҳарбий кафедрасида сабоқ олган йигитларнинг бугун қасамёд қабул қилиш маросими ота-оналар учун ҳам чинакам байрамга айланиб кетди.


 Ўттиз йил илгари шу кафедрада таҳсил олиб, заҳирадаги зобит (лейтенант) бўлган ва ҳозирги пайтда ўқитувчилик қилишаётган ҳамкасбларимиз у даврдаги ҳолат билан бугунги улуғвор манзараларни таққослаб бўлмаслигини эътироф этадилар.

Кўркам ва ўктам йигитларга ҳавас-ла боқиб, шоирнинг «Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди» деган фикрлар кўнглимиздан ўтади. ЎзМУ Ҳарбий кафедраси фаолияти ҳам ҳавас қилса арзигулик даражада!

ЎзМУ Ахборот хизмати