O'zMU » Yangiliklar » Аъло баҳога ўқиш – талабалик давримиз мазмуни!

Аъло баҳога ўқиш – талабалик давримиз мазмуни!

 Билимли, иқтидорли ёшлар учун чинакам омадли йил бўлди.

Очиғи, ўтган йили атиги 2 балл етишмай қолганди... Бироз умидсизликка тушгандим. Шу йил “Ўзбекистон” телеканали орқали олий таълим муассасалари мутасаддиларининг давра суҳбатларини эътибор билан кузатиб, уларнинг сўзларидан кўнглимда умид пайдо бўлди.

Дарҳақиқат, тест синовлари жуда адолатли, шаффоф ўтганидан мамнунмиз. Ниҳоят, инглиз тили йўналиши бўйича талабалик бахтига мушарраф бўлдим.

4 сентябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Бош майдонида 1-босқич талабалари билан тантанали учрашувда бир олам таассурот олдим.

Тадбирда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, академик Шавкат Аюпов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва баъзи тенгдош талабаларнинг дил сўзларидан тўлқинланиб кетдим.

Ҳурматли ректоримиз мамлакатимиз карвонбоши университети ҳисобланган ЎзМУнинг тарихи, республика олий таълим тизимида тутган ўрни, бу маскандан етишиб чиққан алломалар ҳақида айтган сўзларидан руҳланиб кетдим.

Университетимиз АҚШ, Германия, Россия Хитой, Голландия, Швеция, Швецария, Ҳиндистон, Финляндия, Италия, Буюк Британия ва Япония каби 30 дан ортиқ давлатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликларни изчил давом эттирар экан, келгусида бундай алоқаларда биз ҳам иштирок этамиз.

Биринчи галда, талабалик давримизда аъло баҳоларга ўқишга, ҳар томонлама етук, юксак маънавияти бўлишга устозларимизни ишонтирамиз.

 Рисолат ЎРИНБОЕВА,

Хорижий филология факультети 1-босқич талабаси