O'zMU » Yangiliklar » Малака: Педагогик фаолиятда тизимли таҳлилни амалга ошириш методлари

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази тингловчилари бугун “Педагогик фаолиятда тизимли таҳлилни амалга ошириш методлари” мавзусини мароқ билан тингладилар.

Психология фанлари номзоди, фалсафа фанлари доктори, профессор Рустамжон Самаров бу мавзуда шу қадар кўп ва мазмунли маълумотлар бердики, бу таълимот журналист-педагоглар учун ўзига хос мактаб бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Устознинг аввало аудиторияни ўзига жалб этиш маҳорати, жонли мулоқот тарзида сўзлаш санъати, муомала маданияти, назарий билимларини амалиётга пайваста этиши тингловчиларга катта сабоқ бўлди.

Устоз тизимли таҳлилни амалга ошириш учун турли усуллар танланиши ҳақида сўз юритар экан, нисбатан кўпроқ қўлланиладиганлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиб, изоҳлаб берди:

-  сўров (анкета тарзида ёзма, оғзаки савол-жавоб (масофали)) усули;

-  ҳужжатларни ўрганиш (ДТС, ҳисобот, хулосалар ва б.) усули;

-  фаолият маҳсулини ўрганиш (иншо, мақола, талабаларнинг билими ва б.) усули;

-  алоҳида ҳолатларни ўрганиш (алоҳида педагогик вазиятни. Масалан, аълочилар гуруҳини, фаолларни ва б.) усули;

-  қиёслаш (рақамлар, далиллар, билдирилган фикр ва муносабатларни қиёслаш) усули;

-  суҳбат (нутқ мулоқоти ёрдамида бевосита ёки билвосита маълумот олишт) усули.

-  биографик (кишини унинг таржимаи ҳоли билан боғлик бўлган хужжатлар орқали ўрганиш) усул;

-  интервью (муаммога оид бўлган саволларга берилган жавоб тариқасида ахборот тўплаш) усули;

-  кузатиш (кишининг ҳаракатларида намоён бўладиган турли ҳолатларни ҳисобга олиш, бирон бир жараённи кечишига оид ахборот олиш) усули;

-  социометрия (Ж. Морено томонидан тавсия этилган бўлиб, ўзаро муносабатлар тузилиши билан психологик қовушувчанликни аниқлаш мақсадида гуруҳ ва жамоалардаги шахслараро муносабатларни ўрганиш. Бугунги кунда социометрияни турли вариантлари ишлаб чиқилган) усули;

-  тест (стандартлаштирилган синов бўлиб, унинг ёрдамида у ёки бу хилдаги психик жараён баҳоланиб, шахсни бир бутунлигича ўрганиш мумкин) усули;

-  эксперимент (муаммоли вазиятни ҳал қилиш жараёни, ҳаттоки шахснинг ҳис-туйғулари, характери, қобилияти, ақл-заковатини ўрганиш мумкин. Бунда, объектга таъсир этадиган барча омиллар катъий назорат килган ҳолда кузатилади) усули;

-  моделлаштириш (жараённи билвосита ўрганишга асосланган бўлиб, бунда бирон объектнинг хусусиятларини ўрганиш учун махсус равишда тўзилган бошка объектда қайта хосил қилиш тушунилади) усули;

-  прогнозлаш (бирор-бир ҳодисанинг келажақдаги ҳолати ҳақидаги мулоҳаза) усули;

-  экстраполяция (лот. ekstra-тез, polio-силлиқлайман, тўғрилайман) бирор ҳодисанинг алоҳида қисмини кузатиш натижасида олинган хулосани шунга ўхшаш ҳодисанинг бошқа бир қисмига, бошқа ҳудудига (манзилга, жойга) тадбиқ этиш) усули.

Шу билан бирга биографик ва тарихий-қиёсий усулларни ҳам кўрсатиб ўтиш мумкин.

Биографик метод (юнон тилида bios – ҳаёт, graho – ёзаяпман) – шахс ҳаёт йўлини тадқиқ этиш, ташхислаш, коррекциялаш, режалаштириш услуби. Биографик усул XX асрнинг биринчи чорагида татбиқ этила бошланди. Бирламчи биографик усуллардан ёрдамида сиёсатчилар, тарихий шахслар ўтмишдаги сиёсий ҳаётни ретроспектив таҳлил этиш мақсадида фойдаланилган. Кейинчалик бунга муҳим ва келажакда бўлиши мумкин бўлган ҳодисаларни (бўлажак автобиография, бошқариладиган фантазия, ҳаётни режалаштириш, каузометрия)ни, шунингдек, шахснинг мулоқот доирасини (қўшимча биография, субъектнинг муносабатлар доирасини) қўшишди. Замонавий биографик методлар сиёсатчи шахсини тарихий, ижтимоий ва индивидуал борлиқ доирасида ўрганишга асосланган бўлиб, шахс ривожининг сценарийси ва ҳаётий дастурлари, унинг касбий, оилавий, маънавий, табиий ва ижтимоий маконда «макон-вақт» доирасида таҳлил этади. Биографик методларни қўллашда сўровнома, интервью, тест, яқинларининг кўрсатмалари, замондошларининг хотиралари, фаолият маҳсулини ўрганиш(хатлари ва кундаликларини, маърузалари нутқларининг контент-таҳлили ва б.)дан манба ва восита сифатида фойдаланилади.

Тарихий-қиёсий усулларга тарихий тавсиф, аниқ таҳлил, қиёслаш, даврийлаштириш, хронологик, муаммоли-хронологик, ретроспектив, истиқболни белгилаш, тарихий аналогик ва бошқа услублар киради. Қиёсий-тарихий услублар сиёсий-психологик далиллар ва ҳодисалар юзага келганда ҳамда амалга ошганда, ривожланишнинг турли босқичларида сифат кўрсаткичи жиҳатидан ўзгариб боришини тарихий муҳит билан узвий боғлиқ ҳолда ўрганиш имконини беради.

Шу аснода тизим деганда, нафақат тизимнинг (бошқариш объектининг) ўзаро боғланган таркибий қисмларини йиғиндиси ва унинг ўзаро ички боғлиқлик даражалари тушунилиши лозим. Балки ташқи алоқадорликларни даражалари ҳам унинг таркибига киришини инобатга олиш мақсадга мувофиқдир. Бу ўз навбатида тизимли таҳлилни амалга ошириш йўлини, яъни ёндашувни белгилаб олишни тақозо этади.

Таҳлил, бу турли ҳажм ва мазмундаги ахборотни жамлаб, манба шаклига келтириш бўлиб, бунга тизимли ёндашиш мақсадга мувофиқдир. Тизимли ёндашиш, бу объектни яхлит мажмуа сифатида ўрганишга асосланган методология, илмий англашни таъминловчи “йўл”дир. Фанда, тизимли ёндашув турли фан соҳаларининг вакиллари томонидан шакллантирилган. Тизимли ёндашув, бу ўзаро алоқадор бўлган жиҳатларни қамраб олган мажмуа бўлиб, таҳлилни амалга оширишда методология вазифасини бажара олади. Булар:

– тизимли – унсурвий (элементли), тизим нималардан таркиб топган? деган саволга жавоб топиш учун хизмат қилади;

– тизимли - структуравий, тизимни ички тузулишини, унинг таркибларини таъминлашувини белгилаш учун хизмат қилади;

– тизимли - функционал, тизим ва уни вужудга келтирувчи қандай вазифаларни бажаришини ажратиб бериш учун хизмат қилади;

– тизимли - коммуникатив, тизимнинг бошқа тизимлар билан горизонтал ва вертикал алоқадорликларни моҳиятини белгилаш учун хизмат қилади;

– тизимли - интегратив, тизимни сақланиш механизми, сақланиш омиллари ва такомиллашуви белгилаш учун хизмат қилади;

– тизимли - тарихий, “тизим қандай шаклланган?”, “ривожланиш давомида қандай босқичлардан ўтган?”, “тизимни истиқболи қандай?” деган саволларга жавоб бериш учун хизмат қилади.

Кўриниб турибдики, тизимли ёндашув, бу тизимли таҳлилни амалга ошириш йўлини белгилаб бериш учун хизмат қиладиган мажмуа ҳисобланади.

Тизимни (объектни) бошқаруви билан боғлиқ бўлган масалани хавфсизликни таъминлаш назари асосида тизимли таҳлил қилишни тадқиқотчи қуйидаги кетма-кетликда амалга ошириши мақсадга мувофиқ:

-       ўзининг илмий салоҳиятини инобатга олиб, тадқиқотнинг вазифа ва мақсадини (яъни, истиқболдаги истакли ҳолатини) белгилаб олиши;

-       таҳлил учун танланган тизимни (бунда фаолият соҳалари назарга олинган) ҳамда ташқи муҳитнинг ривожланиш тарзи ва прогнозини тадқиқотда белгиланиши;

-       ташқи муҳит омилларини (истеъмолчилар бозори, мол етказиб берувчи ҳамда рақобатчилар ва бошқалар) тадқиқ қилиб, унинг истиқболини белгилаши;

-       мақсад ва вазифаларнинг тизим тузилиши(яратилиши)да ифодаланишини белгилаб олиши лозим.

Шундай пурмаъно маълумот-у билимларга эга бўлган журналист-педагоглар эртага талабаларга қандай дарс беришни ўзлари билади!

 

Тўлқин ЭШБЕК,

тингловчи