O'zMU » Yangiliklar » Ахборот ва мураббийлик соати: тажриба ва таҳлил

Tошкент архитектура-қурилиш институтида мураббийлар учун “Мураббийлик ва Ахборот соатлари: тажриба ва таҳлил” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

ТАҚИ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Дилшод Эшмуродов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 23 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3151-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 9 август куни ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш тўғрисида”ги буйруғида белгиланган вазифалар ва уларни институтда амалга ошириш, бу борада бошланган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритди.

Тадбир иштирокчилари Тошкент Ислом университети доценти Неъматилла Муҳамедовнинг “Диний экстремизм – жамият барқарорлигига таҳдид” мавзуидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ахборот хизмати раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбекнинг “Ахборот ва мураббийлик соати машғулотлари таъсирчанлиги ва самарадорлигини янада оширишда педагог маҳорати” мавзуида қилган маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши лозим, деган ҳикматга ҳар бир мураббий қатъий амал қилмоғи лозим,– деди маърузачи.– Мураббий аввало ўқимишли одам бўлиши лозим. Ўқимишли инсон айтмоқчи ёки ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир. Қайсики мавзуда бўлмасин, ўқимасдан, кимлардандир эшитганларинигина гапирган одам хатоликка йўл қўйиши кўп кузатилган. Ўз кўзи билан ўқиб кўрмасдан гапирган одам – ўқимишсиз, ишончсиз одамга айланиб қолади.

Маълумки, ҳар бир фикр(мавзу)нинг қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:

1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, маърузаларида баён этилган фикрлар);

2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);

3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Мураббий талабалар даврасида сўз юритишдан аввал мавзунинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказиши турган гап.

Бунинг учун ҳар бир мураббийнинг иш столида Ўзбекистон миллий энциклопедияси, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, она тилимиз жилоларини юксак маҳорат ила баён этган атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиаси, улуғ шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати”, “Ўзбек халқ мақоллари” каби китоблар туришини тавсия этган бўлардик.

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини қайта-қайта ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. (Афсуски, айримлар кўча-кўйда ундан-бундан эшитганларини “мақол” дея тиқиштириб кетаверишини кўп кузатганмиз). Ҳар бир мақол замирида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимиз ўз ифодасини топган. Ўзбек халқ мақоллари асли битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади.

Афсуски, баъзи мураббийлар мақоллар ҳақида сўз юритганда тегишли манбаларни ўқиб кўрмасдан маънавиятимизга завол етказаётганига бефарқ қараб бўлмайди. Айтайлик, “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзилар: “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини асло оқлаб бўлмайди. “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилган ва унинг асл маънолари жуда теран изоҳлаб берилган. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобида “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган.

Шуни ёдда тутмоқ жоизки, бугун қайсики даврада маъруза қилманг, зукко тингловчилар ҳар бир сўзингизни “тарози”га солиб кўрадилар. Бирор мужмал сўз чиқиб кетса, шартта мобил телефони орқали интернетга кириб, ўша сўз ва манбасини топади. Нотиқнинг сўзлари қанчалик ҳақ-ноҳақлигини бир зумда аниқлаб олади. Баъзи талабалар хато гапириб қўйган мураббийнинг хатосини дарҳол юзига солиб, уялтириб қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас...

Талабалар билан суҳбат мавзуи қандай бўлишидан қатъи назар мураббий тингловчиларга албатта бирор янгилик, янги фикр бериши, шу аснода улар тафаккурини бойитиши мақсадга мувофиқдир. Суҳбат жонли бўлиши учун назарий фикрларни албатта амалиёт билан пайваста қилиб сўзлаш, халқона иборалар, мавзуга тегишли мақолу маталлардан ўринли фойдаланиш зарур. Халқона тилда гапириш ҳаммада қизиқиш уйғотади.

Мураббий талаба-ёшлар орасида сўз юритиш масъулияти нечоғли залворли эканлигини теран англамоғи шарт, деб алоҳида таъкидлади маърузачи.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган семинар-тренингда ТАҚИ мураббийлари ўзларини қизиқтирган атрофлича саволларига жавоблар олдилар.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати