O'zMU » Yangiliklar » Устоз ва мураббийларга эҳтиром

Устоз ва мураббийларга эҳтиром  

 Ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносибати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ўзига хос анъанага айланган.

Бу галги шундай тадбир Ўзбек Миллий академик театрида ўтказилди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов университет жамоасини қутлуғ сана муносабати билан самимий муборакбод этар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига” йўллаган табриги барча илм ва маърифат фидойиларига янада кўтаринки руҳ бахш этганини алоҳида таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбарининг табригида қайд этилганидек, бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз,– деди ЎзМУ ректори.– Жумладан, бутун инсониятни ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм каби бало-қазоларни бартараф этишда фақат уларнинг оқибатларига қарши курашиш билан чекланмасдан, биринчи навбатда бу таҳдидларни келтириб чиқараётган сабабларга қарши курашиш, ёшларни эзгу инсоний идеаллар руҳида камол топтириш энг асосий вазифага айланмоқда. Айнан ана шундай ёндашув Ўзбекистон томонидан нуфузли халқаро саммитларда, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 72-сессиясида алоҳида таъкидлангани сизларга яхши маълум, албатта. Бу борада биз илгари сураётган “Жаҳолат ва зўравонликка қарши маърифат билан курашамиз” деган ғоя ва ташаббус халқаро майдонда катта эътибор ва қизиқиш уйғотмоқда ҳамда қўллаб-қувватланмоқда.

Бу улуғвор мақсадлар йўлида Миллий университет профессор-ўқитувчилари кўрсатишаётган фидокорона меҳнатлари таҳсинга лойиқдир.

Тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов ва Ёдгор Саъдиев устоз-мураббийларни самимий табриклаб, дил сўзларини изҳор этдилар.

Устоз – отангдан улуғ деган мақол замирида оламча маъно мужассам. Биз шундай бахтли кунларга етишишимизда фидойилик кўрсатган азиз устозларнинг хизматлари беқиёс. “Ўзбек халқ мақоллари”, 5-синфнинг “Одобнома” китобларида, Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати”, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” ва бошқа улуғ адиб ҳамда алломаларнинг асарларида ушбу мақол моҳияти теран ёритилган экан, устозларга бўлган эҳтиром барчага янада кўтаринки руҳ бахш этади. Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ юртимизда таълим-тарбия тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёшларга илм-фан асосларини ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги фидойилиги ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар орасида ЎзМУ академик ҳамда профессорлари ҳам борлиги ҳамкасбларимизга ғурур бахш этади.

Устозлар байрами муносабати билан ташкил этилган тадбир сўнггида атоқли қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Ўжарлар” асари асосида режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Азимов саҳналаштирган комедия намойиш этилди. Шуни айтиш ўринлики, қорақалпоқ ижодкорлари ва санъат усталарининг машҳур “Танк” фильми каби бу комедия ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди.


 Улуғбек УСМОНОВ,

 

ЎзМУ газетаси мухбири