O'zMU » Yangiliklar » Президентимизнинг БМТда сўзлаган нутқини ўрганишга бағишланган семинар

Президентимизнинг БМТда сўзлаган нутқини ўрганишга бағишланган семинар

 Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқининг мазмун моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар” бўлиб ўтди.

Унда университет профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи бутун жаҳонда катта қизиқиш уйғотди. Ташаббускор, буюк ислоҳотчи бўлган давлатимиз раҳбарининг фикрларига дунё сиёсатчилари ҳам муносиб баҳо бермоқдалар,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва адолат принципларини таъминлаш, иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш, эркин конвертация тизимига тўлиқ ўтиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон ташқи сиёсатда ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш каби муҳим йўналишларда кенг кўламли ишлар олиб бораётгани ва бу соҳада ҳамкорликка ҳамиша тайёр эканига урғу берди. Давлатимиз раҳбари ён қўшнимиз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига атрофлича тўхталиб: “Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшмоқда ва бундан кейин ҳам ҳисса қўшади”, дея таъкидлади.

Юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор бериб келиняпти. Президентимиз мамлакатимиз ёшлари ҳаётида жиддий ўзгаришларни бошлаб берган ислоҳотларни жаҳон миқёсида татбиқ этишни – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бугун дунёда ёшлар 2 миллиардни ташкил этишини ҳисобга олсак, уларнинг нақадар катта куч эканини яққолроқ англаймиз. Зеро, жаҳоннинг эртанги куни, эртанги ҳаёти айнан ана шу ёшлар билан боғлиқ. Ҳозир жаҳонда юз бераётган турли кўнгилсизликлар, можароларнинг туб моҳияти ёш авлоднинг билимсизлиги, маърифатсизлигига бориб тақалади.

Ота-боболаримиз, улуғларимиз “Нажот – илмда” деган ҳикматга амал қилиб келган. Аждодларимиз дунёвий илмларда ҳам, диний илмларда ҳам етакчи бўлиб келган. Бугун замонавий дунё эришган баланд марраларнинг замирида илм ётади. Маънавий баркамоллик, комил ахлоқ замирида ҳам илм ётади. Давлатимиз раҳбари муқаддас Ислом динимиз эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини таъкидларкан, БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди. Бу ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишни бош мақсад қилади.

Талабаларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз Юртбошимизнинг чуқур таҳлил, асосли ғоя ва таклифларга бой маърузаси дунё минбаридан янграганини кўриб, беҳад ғурурга тўлганини алоҳида таъкидламоқчиман. Давлатимиз раҳбари Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Бу учрашувларда кўплаб манфаатли келишувларга эришилди.

БМТ биносида Регистон майдонининг макети ўрнатилгани биз учун тарихий воқеалардан бири бўлди. Бу барчамизнинг қалбимизда чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини жўш урдиради. Бетакрор юртимиз қадимдан илм-фан, маданият, савдо, меъморлик ва ҳунармандлик маркази бўлиб келган. Регистон эса кўҳна ва навқирон Самарқанднинг юраги, маданият ва маърифатнинг рамзидир. Бу майдоннинг гир айланасида жойлашган мадрасаларда ўз замонида энг замонавий илмлар ўргатилган. Марказий Осиё ва Шарқнинг жуда кўп алломалари, адиблари, олиму фозиллари айнан шу ерда таълим олган. БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилган ушбу макет Ўзбекистон тинчлик-осойишталик, илм-маърифат ва тараққиёт тарғиботчиси эканини таъкидлаб тургандек.

Бу мавзуни талабаларимизга янада теранроқ ўргатиш учун бугун аввало профессор-ўқитувчиларимиз учун махмум семинар ташкил этганимиз боиси шундадир.

Семинарда сиёсий фанлар доктори Нарзулла Жўраев, ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар ўйича проректори Давлатбой Жумабоев, доцент Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқи моҳиятини кенг изоҳлаб берар экан, уни талабалар онгига етказиш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

 

Улуғбек Усмонов,

 

ЎзМУ газетаси мухбири