O'zMU » Yangiliklar » ЎзМУда ёш олимлар илмий фаолияти самараси

Матбуот анжумани: ЎзМУда ёш олимлар илмий фаолияти самараси

 

2017 йил 23 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаба, ёш олимларнинг илмий фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда университет раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этадилар.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, профессор Ҳожиакбар Тўйчиев ОАВ ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ЎзМУда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотлар берди.


Қайд этилишича, айни пайтда ЎзМУнинг мавжуд 11 та факультети, 73 та кафедрасида 36 та бакалавриат йўналиши, 69 та магистратура мутахассислиги бўйича таълим берилмоқда. Назарий билимлар амалиёт билан мустаҳкамлаб борилиши учун 3 та дала-амалиёт майдони, 32 та ўқув-илмий лаборатория, 3 та ўқув-илмий-тажриба маркази, 40 га яқин ўқув-илмий тўгараклар, 1 та ОТМлараро илмий лаборатория ва 2 та ноёб объект мунтазам фаолият кўрсатмоқда.

Айтиш жоизки, бир асрлик тарихга эга бўлган университетимиз минтақа ва мамлакатимизда фундаментал ва амалий илм-фанни ривожлантириш, халқ ҳўжалиги учун юқори малакали кадрлар етиштиришда ўзининг бой анъаналарига эга илм даргоҳидир. Бу даргоҳда фаннинг турли соҳалари бўйича 40 дан ортиқ илмий мактаблар мавжуд бўлиб, уларда 15 та амалий, 26 та фундаментал, 7 та инновация, 17 та ёш олимларнинг фундаментал (8 та) ва амалий (9 та) лойиҳалари устида ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда талаба-ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, грант танловлари ва лойиҳаларида иштирок этиш, хўжалик шартномалари тузиш, бошқа олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари учун мақсадли илмий кадрлар тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.


Ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнлари сифатини оширишда 28 нафар академик факультетларимизда фаолият кўрсатишмоқда. Улар илмий маслаҳатчи, кенгаш аъзоси, тадқиқотчилар ва магистрантларга илмий раҳбар сифатида ўзларининг бой илмий ва амалий тажрибалари билан яқиндан ёрдам беришмоқда. Шу билан бир қаторда 980 нафар профессор-ўқитувчилар, жумладан, 150 нафар фан доктори ва 400 нафар фан номзоди фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда 200 дан ортиқ ёш олимларимиз ва 500 дан зиёд иқтидорли талабалар илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Шунинг натижасида 31 та монография, 302 та халқаро илмий журналларда, 470 та республика илмий журналларда, 365 та халқаро конференцияларда, 1080 та республика конференцияларда мақолалар чоп этилган. Муаллифларимиз 5 та патент, 15 та муаллифлик гувоҳномаларини қўлга киритдилар. Жорий йилда 15 та лойиҳа билан инновацион ярмаркада иштирок этган профессор-ўқитувчиларимиз 56 та амалий грант натижалари амалиётга жорий этишган.


ЎзМУда жорий йилда хорижий давлатлар билан илмий-амалий ҳамкорликка қаратилган 9 та шартнома ва меморандумлар имзоланган. Чунончи, Москва давлат университети, Россиянинг Халқлар дўстлиги университети, М.Ауэзова номидаги Жанубий Қозиғистон университети, Буюк Британиянинг Астон университети қошидаги Фотоника технологияси институти,  Германиянинг Бавария табиий ҳамда гуманитар фанлар академияси, Италиянинг Милан халқаро ва Пиза университетлари, Жанубий Кореянинг Осиё ва Тинч океани назарий физика илмий маркази, Малайзиянинг Осиё университетлари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликлар тобора ривожланиб бормоқда.

ЎзМУда 2017 йилда 5 та халқаро, 8 та республика, 16 та вазирлик миқёсида илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Жумладан, 2016 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта махсус таълим Вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Фундаментал ва амалий физика ривожланишининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар” мавзуидаги ҳалқаро симпозиум ўтказилди. Унда Австралия, Бельгия, Германия, Франция, Буюк Британия, Голландия, Греция, Дания, Миср, Ҳиндистон, Малайзия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Туркия, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Латвия, Украина, Белоруссия, Испания, Италия, Чехия, Покистон каби 26 давлатдан 86 нафар ҳамда республикамиз олий таълим муассасаларидан 200 дан зиёд Ўзбекистон олим ва мутахассислар иштирок этдилар.

11-12 май кунлари “Ўзбекистон Евросиё маконида: география, геоиқтисодиёт, геоэкология” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Унда Россия, Польша, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан келган олимлар иштирок этдилар.


6-10 октябрь кунлари Исроил давлатининг Холон технология институти билан ҳамкорликда “Математика ва физиканинг долзарб масалалари” мавзусида ҳамда Жанубий Кореянинг “Big Data Service Society” жамияти билан ҳамкорликда “Big data иловаларини яратиш ва уларни қўллаш” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияларда навбатдаги истиқболли лойиҳаларга пойдевор яратилди.

ЎзМУнинг хорижий давлатлар олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ўзаро манфаатли алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Жумладан, Германиянинг Бавария табиий ҳамда гуманитар фанлар академияси, Жанубий Кореянинг Осиё ва Тинч океани назарий физика илмий маркази, Италиянинг Милан халқаро ва Пиза университетлари, Москва давлат университети, Россиянинг Халқлар дўстлиги университети, Жанубий Қозиғистон университети, Малайзиянинг Осиё университети, Буюк Британиянинг Астон университети қошидаги Фотоника технологияси институтлари билан янги илмий-амалий ҳамкорликка қаратилган шартномалар имзоланди. Шу билан бир қаторда 60 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар, 7 нафар магистрант, 8 нафар бакалавриат талабаси ва 6 нафар катта илмий ходим изланувчилар хориж университетларида малака ошириб, таълим олиб, турли конференция ва симпозиумларда иштирок этиб келдилар.

ЎзМУ факультетларида турли фанлардан маъруза ўқиш учун хорижий ва МДҲ давлатлардан яна 5 нафар профессор-ўқитувчилар таклиф қилиндилар. Германиянинг Вестфалия университетининг 4 нафар магистратура талабаси ЎзМУ хорижий филология факультетида амалиёт ўтаб кетдилар.

Университетда фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам қатор муваффақиятларни қўлга киритилди. Давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида амалга оширилган тадқиқотлар натижасига кўра 2017 йилда давлат бюджетидан молиялаштирилган жами 151 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, Навоий тоғ-кон металлургия комбинати, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан тузилган қатор хўжалик шартномалари бажарилди. Мазкур лойиҳаларни амалга оширишда 260 дан ортик ёш тадқиқотчи-олимлар ва 100 дан ортиқ талабалар фаол иштирок этдилар.

ЎзМУ ҳузурида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга қаратилган 8 та (физика-математика фанлари – 2 та, кимё фанлари, тарих фанлари, фалсафа фанлари, география фанлари, психология фанлари, сиёсий фанлар бўйича) Илмий кенгашлар фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда уч ой орасида мазкур Илмий кенгашларда 23 та докторлик диссертацияси ҳимояси бўлиб ўтди, улардан 9 таси (DSc) фан доктори ва 14 таси (PhD) фалсафа доктори даражасига эга ҳисобланади.

Шунингдек, йил охиригача яна 12 та диссертациялар ҳимояси бўлиб ўтиши кутилмоқда. 2018 йилда эса яна 72 нафар ёш тадқиқотчилар – PhD, 1 нафар – DSc ва 16 нафари мақсадли PhD тизимида ўқиши режалаштирилган.

ЎзМУда кўплаб иқтидорли талабалар номдор стипендиялар совриндорлари бўлганлар. Жорий йилда Математика факультети 2-курс магистранти Шомурод Шопўлатов ва 4-курс талабаси Ҳакимбой Эгамберганов Табиий ва аниқ фанлар йўналишида, Хорижий филология факультети 2-курс магистранти Мафтуна Бахтиёрова Хорижий тиллар йўналишида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси совриндорлари бўлдилар. Математика факультети 4-курс талабаси Шоҳруҳ Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси, Ижтимоий фанлар факультети 4-курс талабаси Дилнавоз Рўзматова Навоий номидаги давлат стипендияси, Хорижий филология факультети 4-курс талабаси Маҳзуна Абдурасулова, Кимё факультети 4-курс талабаси Музаффар Максумов Улуғбек номидаги давлат стипендиялари соҳибига айландилар. Иқтидорли талабаларимиздан 8 нафари халқаро, 15 нафари республика олимпиадалар ғолиби, 6 нафари Зулфия мукофоти, 43 нафари ЎзМУ стипендияси совриндорларидир.

Яқинда университет миқёсида 1-босқич талабалари ўртасида ўтказилган танлов натижаларига кўра 300 нафари иқтидорли йигит-қизлар махсус ўқув режа асосида тадқиқотлар ўтказишлари учун университетнинг етакчи олимларига бириктирилди ва илмий фаолият билан узвий шуғулланиш кўникмаларини ривожлантиришга шарт-шароитлар яратилди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди.

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати