O'zMU » Yangiliklar » ЎзМУ ректори хорижлик талабалар билан мулоқот ўтказди

ЎзМУ ректори хорижлик талабалар билан мулоқот ўтказди

 

Иқтидорли талабаларимизга ривожланган давлатлардаги олий таълим муассасаларида ўқиш қанчалик мароқли бўлса, хорижлик ёшлар учун ҳам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олиш шу қадар шарафдир.

Айни пайтда ЎзМУ факультетларида Хитой, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатлардан 24 нафар талаба таҳсил олмоқда. Булардан ташқари вақти-вақти билан Германия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан тузилган шартномалар, меморандумларга биноан талабалар алмашинуви ҳам йўлга қўйилмоқда.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов университетимизда таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар билан ўтказган мулоқотида халқаро илмий ҳамкорликларнинг беқиёс самараси ҳақида сўз юритди.


– Ҳар йили университетимизда бир неча марта халқаро илмий анжуманлар ўтказилади, уларда ўнлаб давлатлардан нуфузли олимлар, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар иштирок этадилар,– деди ЎзМУ ректори.– Ўз навбатида қатор хориж давлатларида ўтказиладиган илмий анжмунларда таниқли академиклардан тортиб ёш тадқиқотчиларимизгача фаол иштирок этмоқда. Бундай анжуманларда илмий маърузалар ўқиш ё тинглаш, фикр алмашиш билан бир қаторда ўша илм аҳли ўртасида ўзаро дўстлик, меҳр ришталари ҳам мустаҳкамланиши қувончли ҳол. Демак, глобаллашув жараёнларида илм аҳлининг дўстлиги, биродарлиги ҳам дунё жамоатчилигига ибрат намунасига айланади. Демоқчиманки, келгусида ана шу илмий ҳамкорликлар, пировардида, дўстлик ришталарини давом эттирасизлар, деб умид қиламиз. Сизлар ўша пайтда наинки ўз юртингиз, шу билан бир қаторда бизнинг кадрларимиз сифатида ҳам фаоллик кўрсатишингизга ишонамиз.

Мулоқот давомида хорижлик талабалар ЎзМУдек нуфузли ўқув даргоҳи талабаси бўлганликлари билан фахрланишлари, бу ерда ўзлари учун яратилган шарт-шароитлар, имкониятлардан мамнун эканликлари, дарслар ва амалий машғулотлар юксак савияда ўтаётгани, айниқса, маънавий-маърифий тадбирлар катта қизиқиш уйғотаётгани, ўзбекистонлик тенгдошлари билан қанчалик қадрдон бўлиб қолаётганлари ҳақида ҳаяжон ила сўзладилар.

– Ҳурматли ректоримиз Аважон Раҳимовичнинг илмий мактаблар фаолияти ҳақида айтган сўзлари бизда катта қизиқиш уйғотди,– деди Хорижий филология факультети рус тили гуруҳида таҳсил олаётган хитойлик талаба Ву Шуай.– Айни пайтда таълим сифатини жаҳон андозаларига мос равишда такомиллаштириб бориш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Биз бу хайрли ишлар самарасини кўриб, кези келганда ундан баҳраманд бўляпмиз.

ЎзМУда хорижлик талабалар ассоциацияси ташкил этилаётгани ҳақида сўз юритган Авазжон Мараҳимов унинг вазифалари ҳамда истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Бу таклиф хорижлик талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Суҳбат давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

Носиржон Шербой,

 

ЎзМУ Хорижий филология факультети магистранти