O'zMU » Yangiliklar » Ватанпарварлик руҳида таълим беришга қаратилган Битим

 Ватанпарварлик руҳида таълим беришга қаратилган Битим

 

Ватанпарварлик туйғуси ёшлар қалбига таълим, илму-маърифат билан жо бўлади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари ҳарбий соҳада ҳам таълим олишга катта қизиқиш билан қарайдилар.

Айни пайтда ЎзМУ Ҳарбий кафедрасида кўплаб талаба-йигитлар муносиб таҳсил олаётганлари эътиборга моликдир.

Ана шу таълим жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги Қуролли кучлар академияси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўртасида ҳарбий таълим ва илм-фан йўналишида алоҳида Битим имзоланди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва мазкур Қуролли кучлар академияси раҳбари, Генерал полковник Қобил Бердиевлар соҳа тараққиёти йўлида ҳамкорликда амалга ошириладиган қатор вазифалар ҳақида келишиб олдилар. Хусусан, режага мувофиқ ташкил этиладиган конференциялар, семинарлар, симпозиум ва маҳорат дарслари шулар жумласидандир.

Битим 8 та бўлимдан иборат бўлиб, унда ўзаро келишувнинг мақсадлари, фаолият йўналишлари, келишув шакллари, режалар, ўз аксини топган. Мудофаа Вазирлиги Қуролли кучлар академияси раҳбари генерал полковник Қобил Бердиевнинг таъкидлашича, бу Битим илмий-амалий кўмаклашиш келажакдаги соҳаларни ривожига катта ҳисса қўшиши аниқ. Ёшларни ватанпарварлик туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича суҳбатлар, тақдимотлар ўтказиш, профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро малака ва тажриба алмашиш келишув бандларида ўз ифодасини топган. Бу эса ҳар иккала таълим муассасаси ёшлари учун ҳамкорлик уфқларини очишига шубҳа йўқлиги алоҳида таъкидланди.


– Бизнинг талабаларимиз она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топмоқдалар,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Улар танлаган соҳалари бўйича пухта билим эгаллаш билан бир қаторда тез-тез маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этадилар. Айниқса, терроризм, эктремизм, гиёҳвандлик ва бошқа бало-қазоларга, интернет орқали амалга оширилаётган турли таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни оширишга оид мавзуларда қилинган давра суҳбатлари, маърузалар ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бугунги келишувда эришилган натижалар ҳам албатта ўз самарасини кўрсатади. Бу келишувдан кўзланган мақсад юртимизнинг равнақи, ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти ва жисмоний куч-қувватини янада оширишдир.


Ўзаро суҳбатдан сўнг Генерал полковник Қобил Бердиев ва бошқалар ЎзМУда яқинда ташкил этилган “Чингиз Айтаматов ва Ўзбекистон” экспозициясини кўздан кечирдилар.

 

Улуғбек Усмонов,

 

ЎзМУ газетаси мухбири