O'zMU » Yangiliklar » Халқимизнинг жозибадор мадҳияси

Халқимизнинг жозибадор мадҳияси

 10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кунига бағишлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ўзига хос анъанага айланган.

Ушбу сана муносабати билан Хорижий филология факультетида ўтказилган “Халқимизнинг жозибадор мадҳияси” мавзуига бағишланган давра суҳбатида факультет декани Ирода Жўраева, филология фанлари доктори, профессор Абди Маматов, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва бошқалар буюк ва муқаддас Ватанимизнинг мадҳияси қабул қилинган тарихий дамларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси, бугунги кунда бу мадҳия дунё узра жаранглаётгани халқимизга, айниқса ёшларга чексиз ғурур, фахр ва ифтихор туйғулари бахш этишини алоҳида таъкидладилар.


– Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, бошимиз узра муаззам байроғимиз ҳилпираганда, қалбимизда фахр-ифтихор ҳисси жўш уради. Она Ватан тимсолига айланган мадҳиямизни тинглаганда, куйлаганда қалбимиз беихтиёр фахр-ифтихорга тўлади,– деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек.– Бу қўшиқ моҳиятида юрт тараққиётини ўйлаган фидойи инсонлар, улуғ аждодларнинг пок руҳлари мададкор бўлиши ифодаланган. Эл-юрт тинчлиги бебаҳо ҳаёт неъмати. Ҳар бир оқил, ватанпарвар инсон унинг қадрига етади. Мадҳиямиз бизни фақат эзгуликка даъват этади.


Дарҳақиқат, юртимиз мустақилликка эришгач, азалий орзу-истакларимиз, эзгу интилишларимиз давлатимиз рамзларида ўзининг ёрқин ифодасини топди. 1992 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи Қонун қабул қилинди. Давлат рамзлари мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсоллардир. Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги, давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнатни тараннум этадиган истиқлол рамзидир. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқшоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямиз жаҳон узра мустақил Ўзбекистоннинг овози сифатида янграб келаётгани то абад авлодлар учун ҳам муқаддас рамзимиз бўлиб қолади.


Давра суҳбати якунида талабалар жўровозда куйлаган мадҳиямиз қалбларга олам-олам сурар бахш этди.

 

Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

 

Темур МЎМИНОВ,

 

ЎзМУ Хорижий филология факультети деканининг

Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари