O'zMU » Yangiliklar » Айтматовхонлик

Айтматовхонлик

 12 декабрь – атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллуд топган кун муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Айтматовхонлик илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Унда адабиётшунос олимлар, академиклар, ёзувчи-шоирлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва кўпсонли китобхонлар иштирок этдилар.

ЎзМУ проректори Олимжон Холмуҳамедов, Хорижий филология факультети декани Ирода Жўраева, адабиётшунос олимлар Сувон Мели, Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар атоқли қирғиз адиби, давлат ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов ҳаёти ҳамда ижоди ҳақида сўз юритар экан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи давомида улуғ адиб ҳақида билдирилган фикрлари, давлатимиз раҳбари Қирғизистон элчихонасидаги хотира дафтарига “Чингиз Айтматов – мутафаккир ва гуманист” деб дастхат ёзгани адабиёт ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотганини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан адабиётга эътибор, Чингиз Айтматовдек буюк адибларга эҳтиром замон, тарих, инсоният талаб қилган даражада янги юқори поғоналарга кўтарилмоқда. Зеро, ЎзМУ қошида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси китобхонларнинг севимли масканига айлангани, бундай масканларни кўпайтириш маънавиятга хизмат қилиши ҳақида сўз юритилди.

Маълумки, атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг «Юзма-юз», «Жамила», «Сарвқомат дилбарим», «Бўтакўз», «Биринчи муаллим», «Момо ер», «Сомон йўли», «Алвидо, эй Гулсари», «Оқ кема», «Денгиз ёқалаб чопаётган олапар», “Асрга татигулик кун», «Қиёмат» каби асарларини севиб мутолаа қилмаган ўқувчи топилмаса керак. Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров ва бошқа таржимонлар ёзувчининг деярли барча бадиий ва публицистик асарларини ўзбек ўқувчиларига тақдим этишган.

Тадбирда талабалар ва китобхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

 

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари