O'zMU » Yangiliklar » ТАФАККУР ГУЛШАНИ

ТАФАККУР ГУЛШАНИ

у талабалар танловида ёрқин акс этади

 

Ҳар бир ижодий танлов – инсонни теран фикрлашга, тафаккур қилишга, ўқиш ва изланишга ундайди. Мустақил фикрлайдиган, муттасил китоб ўқийдиган ва ўз устида изланадиган инсон эса албатта баркамол бўлади!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий универстетида ҳар йили турли мавзуларда ижодий танловлар ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган. Мазкур танловларда фаол иштирок этган ёш иқтидор соҳиблари кейинчалик республика, ҳатто халқаро танловларда ҳам ғолиб бўлаётганлари, пировардида, етук олим ё ижодкор бўлиб камол топаётганлари баайни ҳақиқат. Демак, бугун университетда бошланган хайрли ишлар шу тариқа келажакда ўз самарасини кўрсатмоқда.

ЎзМУ талабалари ва магистрлари ўртасида ўтказиладиган навбатдаги мақолалар танлови “Ҳаракатлар стратегияси – буюк келажагимизнинг янги босқичи” мавзусига бағишланмоқда. Танловнинг асосий мақсади – талабалар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ва тизимли ташкил этиш, ёшларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Мазкур танловда Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишидан иборат Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” сарлавҳали маърузасини теран ўрганиш ва тарғиб этиш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар билан талаба-ёшларни яқиндан таништириш, уларни билимлари, илмий ва ижодий салоҳиятини янада ошириш, бўш вақтини мақсадли ташкил этиш ва ижодий интилишларини муносиб рағбатлантириш кўзда тутилган.

Танловга тақдим этилган мақолаларда мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилиши, мамлакатимизда сўнгги бир йил мобайнида юз берган ўзгаришларни муаллиф қанчалик англаб етганлиги, статистик таҳлиллар ва диаграммалардан, юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар акс этган фотолардан маҳорат билан фойдаланганлиги назарда тутилади.

Танловнинг факультет босқичи жорий йил 18-19 декабрь кунлари ўтказилади. Унда 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган талабалар танловнинг университет босқичида иштирок этиш имконига эга бўладилар. Иккинчи босқич – 22 декабрь куни бўлиб ўтади. Унда иштирок этадиган талабаларнинг мақолалари тўплам ҳолида чоп этилади.

Мазкур мақолалар танловини ўтказиш Низомида қайд этилишича, 2017-2021 йилларда бешта йўналишдан иборат Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли амалий ишлар, тизимли ислоҳотлар ва турли соҳалардаги ўзгаришлар мақолаларда ўз ифодасини топиши лозим.

Танлов ҳакамлари ҳайъати бошқа олий таълим муассасаларидан, жамоат ташкилотларидан ва соҳа олимларидан ташкил топган. Танлов ғолиблар диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланадилар. Албатта, бундай имкониятлар изланувчан ва истеъдодли талабаларни янада илҳомлантиради.

Энг муҳими, мамлакатимизда сўнгги бир йил мобайнида шу қадар улкан ишлар амалга оширилдики, улар ҳар қандай ижодкорга олам-олам илҳом бахш этиши шубҳасиз. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган талаба-ёшлар бу ҳаётбахш ўзгаришларни қанчалик тараннум эта олишлари уларнинг маҳоратларига, ўқиш ва изланишларига боғлиқдир.

Бу эзгу йўлда асл истеъдод соҳибларига омад тилаб қоламиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

 

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

“Олтин қалам” мукофоти совриндори