O'zMU » Yangiliklar » Бош илмий-методик марказида он-лайн семинар ўтказилмоқда

Бош илмий-методик марказида он-лайн семинар ўтказилмоқда

 

Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб бориш таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш Бош илмий-методик марказида уч кунлик (2017 йил 18-19-20 декабрь) ўқув-семинар ташкил этилди.

– Он-лайн тарзида ташкил этилган мазкур ўқув-семинарни бир вақтнинг ўзида республикамиздаги қатор университетлар ҳузуридаги Минтақавий марказларда малакасини ошираётган профессор-ўқитувчилар кузатиб борадилар, маърузалар тинглайдилар, амалий машғулотларда иштирок этадилар,– дейди Бош илмий-методик маркази директори Тўймурод Шоймардонов.– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2017 йил 23 августдаги 600-буйруғида Бош илмий-методик марказимиз зиммасига “малака ошириш тизимида ўқиётган профессор-ўқитувчиларга дарс давомида талаба-ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш ва уларда юксак ахлоқий сифатларни тарбиялашга қаратилган ёрдамчи материаллардан фойдаланиш бўйича мастер-класслар ташкил этилсин, олий таълим тизимидаги малака ошириш институтларига Ижодий гуруҳ аъзоларини жалб қилган ҳолда семинар-тренинглар ўтказилсин”, деган топшириқ юклатилган. Бу вазифаларни талаб даражасида амалга ошириш учун Минтақавий марказларимизда фаолият кўрсатишаётган профессор-ўқитувчиларимиз масъулиятни теран ҳис этишлари даркор. Шу билан бир қаторда ўқув-семинар иштирокчилари мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг нутқларида олий таълим самарадорлигини янада оширишга қаратилган илғор ғоялари мазмун-моҳиятини чуқур ўрганадилар.

Ўқув-семинар машғулотларида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий марказида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Улар амалий машғулотларда ЎзМУда яратилаётган янги инновацион ғоялар, навбатдаги тадқиқотлар натижаларини он-лайн тарзида тақдим этмоқдалар.

 Тўлқин ЭШБЕК,

 

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари