O'zMU » Yangiliklar » ЎзМУнинг каратэчи талабаси кумуш медаль соҳиби!

ЎзМУнинг каратэчи талабаси кумуш медаль соҳиби!

 

Ўтган йили баҳорда ижтимоий тармоқларда ёритилган “ЎзМУ талабасининг каратэ бўйича медаллари сони 50 тага етди” сарлавҳали мақоламизда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультети талабаси Дониёр Абдуллаев спортнинг каратэ тури билан мунтазам шуғулланиб келаётгани ва турли мусобақаларда қўлга киритган ютуқлари ҳақида сўз юритилган эди.


Дониёр Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Болалигидан аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда каратэ билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Унинг шу кунгача турли мусобақаларда қўлга киритган олтин, кумуш, бронза медаллари сонини энди: “50 тадан ошган” деб ёзсак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Эпчил ва маҳоратли ёш каратэчи сўнгги йилларда Жанубий Корея, Италия, Франция, Малайзия, Украина, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларда Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтаргани ҳақида ҳарқанча ғурурланиб айтсак арзийди.

Алпомиш каби афсонавий қаҳрамонларимиз изидан бораётган бу каратэчи талаба 2013 йилда Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган. 2015 йил ноябрь ойида пойтахтимиз Тошкентда каратэ бўйича ўтказилган Марказий Осиё чемпионатида навбатдаги олтин медаль соҳибига айланган. 2016 йил февраль ойида Малайзиянинг Куала-лумпур шаҳрида 18-35 ёшгача бўлган эркак спортчилар ўртасида ўтказилган каратэ бўйича Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритган.

Навбатдаги хушхабар Туркиядан келди. Шу йил 15-17 декабрь кунлари бўлиб ўтган каратэ бўйича халқаро мусобақада Дониёрбек Абдуллаев кумуш медални қўлга киритди!

– Ҳар бир халқаро мусобақада она юртим Ўзбекистон шарафи учун майдонга тушиш менга катта куч ва матонат бахш этади,– дейди қора белбоғ соҳиби Дониёрбек Абдуллаев.– 40 дан ортиқ давлатдан машҳур спотчилар иштирок этган мазкур халқаро мусобақа жуда қизиқарли ва муросасиз бўлди. Ойнаи жаҳон орқали миллионлаб мухлислар кўз тикиб, олқишлаб турган майдонда ғалаба учун кураш осон кечмайди. Шундай майдонларда она юртим Ўзбекистон байроғини мудом юксакларга кўтариш менга олам-олам бахт ва қувонч бахш этаверади.

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати