O'zMU » Yangiliklar » Мурожаатнома “Аллон” маҳалласида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда

Мурожаатнома Аллон” маҳалласида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда

 

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилигимиз катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари мазкур Мурожаатномани аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга бағишлаб маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказаётганлари айни муддао бўлмоқда.


Пойтахт шаҳримизнинг Олмазор туманидаги “Аллон” маҳалласида ўтказилган ана шундай давра суҳбати барчада катта қизиқиш уйғотди. ЎзМУ Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини теран изоҳлаб берди.

– Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқадиган асосий вазифалар ҳақида маҳалламиз аҳли кенг тушунчага эга бўлди,– дейди “Аллон” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Убайдулла Отаев. – Мурожаатномада белгиланган қатор вазифалар ижросини таъминлашга ҳар биримиз масъул эканлигимизни дилдан ҳис этдик.

– Маҳалламиз аҳли, айниқса, ёшлар ўртасида бундай сермазмун суҳбат ва маънавий-маърифий тадбирларларни кўпроқ ўтказиб туришимиз мақсадга мувофиқдир,– дейди “Аллон” маҳалласи фуқаролар йиғини раисининг диний-маърифат ва ахлоқий-тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилором Азизова.– Бу Мурожаатнома – жамиятимиз тараққиётининг энг муҳим пойдевори экан, унинг мазмун-моҳиятини халқимиз теран англаб етмоғи лозим. Бугунги давра суҳбатида бу мавзу ҳар томонлама кенг тушунтирилди. Маҳалламизда маънавий муҳит барқарорлигини мудом мустаҳкамлаб бориш, фуқароларнинг фаоллигини ошириш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан зарур билим ва тушунчаларга эга бўлдик. Маҳалладошларимизда у катта таассурот қолдирди.


Давра суҳбатида маҳалла фаоллари Шаҳло Соатова, Холида Ғуломова, Шоҳида Йўлдошева ва бошқалар жамиятда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, айниқса, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек хайрли ишлардан донишманд отахон-у онахонлар ҳам четда турмасликлари, улар ўзларининг ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда миллий қадриятларимизни ёшлар онгига сингдиришлари, ўғил-қизларимизни тўғри йўлга бошлашлари мақсадга мувофиқ эканлигини алоҳида таъкидладилар. Дарҳақиқат, Президентимизнинг Мурожаатномасида ана шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилганини ҳар бир фуқаро теран англаб етмоғи давр талабидир.

Давра суҳбатида фуқаролар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

 

Ҳаёт Нуруллаев,

Олмазор туман маънавият тарғибот

бўлими етакчи мутахассиси