O'zMU » Yangiliklar » Халқчил Мурожаатнома халқда умид уйғотмоқда

Халқчил Мурожаатнома халқда умид уйғотмоқда

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси маҳаллаларда, турли жамоаларда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Олмазор туманидаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази” унитар корхонаси, “Кенг макон” мебел фабрикаси, “Олтинсой” ва “Умид” маҳаллаларида давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда фаол тадбиркорлар, турли соҳа вакиллари, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган ота-оналар ҳам ўз муносабатларини билдирдилар.

Тадбирларда Олмазор туман Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Муаззам Алибоева, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази” унитар корхонаси масъул ходималари Дилбар Алимова, Камола Алимова ва бошқалар Президентимизнинг парламентга Мурожаатномаси жамиятимиз ҳаётида том маънода янги даврни бошлаб берганини алоҳида таъкидладилар.


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек ушбу ҳаётбахш Мурожаатнома мазмун-моҳиятини ўрганиш баробарида ҳар биримизнинг зиммамизга қандай вазифалар юкланаётганига ҳам эътибор қаратди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев парламентимизга Мурожаатномасида 2017 йилга баҳо берар экан, халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақли эканимизни алоҳида таъкидлади. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор мақсад ҳамда вазифаларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлди. Давлат органлари фаолиятида туб бурилиш кузатилди,– деди маърузачи.– Бунда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя асосий мезонга айланган. Давлат бошқарувининг бундай демократик усули бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваломбор, халқ билан мулоқот принципига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, бизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини халқимиз теран англаб етмоқда.


– Мурожаатномада Ватанимизда 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва жонажон Ватанимизни 2018 йилда ҳар томонлама ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида аниқ ва лўнда фикрларни баён этди,– деди “Кенг макон” мебел фабрикаси директори Ҳикмат Раҳимов.– Президентимиз ўз халқига ишонч билдириб, ҳаётимиз учун энг муҳим омиллар ҳақида халқона, содда ва равон қилиб мурожаат қилар экан, барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Эндиликда рақамлар кетидан қувиш амалиётидан воз кечиш, одамлар бизлардан рози бўлишлари учун қандай ишлар амалга оширилиши ҳақида билдирилган фикрлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.


– 2017 йил мамлакатимизда ҳокимиятнинг халққа, балки халқнинг ҳам ҳокимиятга билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифлари йилига айланди. Бу қутлуғ йилда биз халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар қандай бўлишини ўз кўзимиз билан кўрдик,– деди “Олтинсой” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Олимжон Мирзабоев.– Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатларида аҳоли маоши, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларни босқичма-босқич ошириш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқилганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу эса эртанги кунимизга янада ишонч билан қарашимизга катта умид бағишлайди.

– Бу тарихий Мурожаатномада аввало, юрт, халқ қайғуси, миллат келажаги ўз ифодасини топган. Одамларимиз уни ўз телевизор ё компьютерларида такрор-батакрор кўришмоқда ва давлатимиз раҳбарининг ғоялари мазмун-моҳиятини теран англаб етмоқдалар,– дейди “Умид” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Тоҳир Комилов.– Эндиликда оилам, маҳаллам, Ватаним деган ҳар бир фуқаро уйғониши, жамият ҳаётига бефарқ бўлмаслиги лозим. Ҳар ким ўз ишини, вазифасини виждонан бажарса, кўп мақсадларимизга албатта эришамиз.

Тадбир иштирокчилари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

Ҳаёт Нуруллаев,

Олмазор туман маънавият тарғибот

бўлими етакчи мутахассиси