O'zMU » Yangiliklar » “Гулливернинг синглиси” колбаса эмас – китоб реклама қилса қандоқ бўларкин?

“Гулливернинг синглиси” колбаса эмас – китоб реклама қилса қандоқ бўларкин?

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ота-оналар билан ўтказилган очиқ мулоқотда бухоролик муаллим Толмасбек Ширинов ҳамманинг дилидаги гапни айтди:

– Фарзандларимиз таълим-тарбия олган мактабларга бир бориб кўринг, ҳар қадамда китоб ўқишга, пухта билим эгаллашга даъват этадиган суратлар, ҳикматлар битилган баннерларни кўриб, маърифат бўстонида юрганингизни ҳис этасиз. Булар ҳам ёш авлод дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатади-да,– деди отахон муаллим.– Энди ҳаммамиз фахрланадиган улуғ даргоҳимиз – ЎзМУда ва талабалар турар-жойларида ҳам маърифат нури таралиб турган кўргазмалар кам эмас. Биринчи галда, университет бош биноси дарвозасидан кирганингиз ҳамоно кўзингиз улкан китобга тушади. Китоб рекламасини ҳарқанча кўпайтирсак ҳам кам. Унинг ёнида талабаларнинг турли фаслларда қандоқ кийиниши лозимлигини акс эттирувчи расмлар жуда яхши чиққан. Мавзу таъсирчанлигини ошириш мақсадида “қанақа нобоп кийим-кечаклар киймаслик керак”лиги аниқ кўрсатилгани яхши бўлган. Ўқув бинолари каридорларида ҳам ғоят ноёб ёзув ва ҳикматлар, нодир суратлар ҳамда бошқа кўргазмалар талабалар дунёқарашини тўғри шакллантиришга хизмат қилади. Бироқ, минг афсуски, шундоқ нуфузли университет атрофидаги рекламалар ҳақида ижобий фикр айта олмайман. Бош бино дарвозаси олдида ҳайкал десам – ҳайкалмас, сурат десам – суратмас, ишқилиб, бир қизнинг ҳайбатли тимсолига кўзинг тушиб, бир чўчиб тушасан. Қиз боланинг сувратини гўё эртакдаги “Гулливернинг синглиси”дек шунчалик ҳайбатли қилиб қўйиш шартми? Хўб, буям бир замонавий реклама, дерсиз. У ҳолда ўша “Гулливернинг синглиси”ни қўлига катта китоб тутқазиб қўйсаларинг бўлмасмиди? Колбасасини университетда реклама қиладими? Бунақа таомлар ошхоналар атрофида реклама қилинса ярашмайдими? Ҳалиям кеч эмас, ўша қизалоқнинг ҳам қўлига китоб тутқазиб қўйсаларинг мантиқлироқ бўларди...

 

Тадбирдан сўнг отахонни кузатиб қўяр эканман, университетимиздан то метронинг Беруний бекатига етгунча катта йўл бўйидаги рекламаларга боқиб, бўларим бўлди. Ҳар қадамда қандайдир ичимликлар рекламаси. Ундаги ёзувга назар ташлаб ҳайрон қолдим. Бу нима дегани: “AMERIKA Ta’м. 1905 yildan”. Бу нима дегани? Ҳайрат ичра яна қарадим. “AMERIKA” деган сўзнинг тагига кичкина ҳарфлар билан “cha” деган қўшимча алоҳида ёзилган. Алоҳида ёзилган ҳарфлар – алоҳида сўз сифатида ўқилишини ҳамма билади. Демак, буниси ҳам мантиқсиз. Хўш, қайси саводи ғовлаганлар ёзган экан уни? Борингки, уларни қўшиб ёзганда қанақа маъно чиқади: “Америкача таъм?!”

Ота-бувамиз шу кунгача “Россияча таъм”, “Хитойча таъм”, “Қозоғистонча таъм” ё “Ўзбекистонча таъм” деган беўхшов гап айтишмаган-ку. Фалон жойча таъм, дейиш кулгили эмасми?

Отахон муаллимнинг таънасидан сўнг энди шунақа рекламаларга назар ташлаб, хижолат чекдим. Наҳот, олис қишлоқдан келган отахон муаллим айтмаса, ўзимиз эътибор ҳам бермаймиз?!

Наҳот, ўша “Гулливернинг синглиси” кўз-кўз қилаётган колбасага маҳлиё бўлиб юраверсак?!

Журналистика факультети талабаси Муҳаммадали Мамадалиев бу мавзуда шундай ёзади: “Бизни қийнаётган муаммолардан биттаси: шаҳримиз ҳуснига доғ бўлаётган афиша ва рекламалардир. Университет – таълим даргоҳи атрофида бунақа беўхшов рекламалар жойлаштирилиши маънавий қашшоқликдан бошқа нарса эмас. Тадбиркорнинг талаби ва муллажиринги билан нима қилинаётганлиги билинмайди. Озиқ-овқат рекламасининг истеъмолчилар учун фойдали томони мавжуд, лекин бозор атрофлари, сотув жойларида амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай рекламаларнинг таълим муассасалари ёнидаги пештоқларда илиниши ўша ҳудуд ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларининг айби бўлса керак.

Одатда таълим муассасалари атрофида тил марказлари, абитуриентлар тайёрлашга оид рекламалар жойлаштириларди. Сўнги йилларда хонандалар, озиқ-овқат маҳсулотларининг пайдо бўлиш кишини ўйлантиради.

“18+ Exotic” ичимлиги рекламаси туриши ва мутасадди ташкилотларнинг бепарволиги жамият юзига, миллат руҳига завол етказиши турган гап.

«Дунёни сув босса ўрдакка не ғам» қабилида яшамаслик лозим...”

Ҳаммаси ҳақ гаплар.

Хўш, бу муаммони ким пайдо қилди? Унинг ечими қандай ҳал бўлади?

Ўша дарвоза олдидаги колбаса, ундан нарироқдаги ичимлик рекламасини жойлаштирганлар ЎзМУ мутасаддиларидан рухсат сўраш у ёқда турсин, ҳатто маслаҳат ҳам қилишмаган. Ўзбошимчалик билан жойлаб қўйилган рекламалар эса ЎзМУ ва “Ёшлик” шаҳарчасида жойлашган бошқа таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан тортиб талабаларгача – ҳамманинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бу муаммони ҳал этиш учун қайси идорага бош уриб боришни, додимизни кимга айтишни билолмай, ахийри нажот қалъамизга айланаётган Агентлигимиз – ЎзАга “шипшиб” қўя қолдик. Бундан юз чандон улкан муаммоларни ижобий ҳал этаётган севимли ЎзАда бу дардимиз ёритилгач, шояд муродимиз ҳосил бўлиб, колбаса ўрнига ёшларни маърифатга чорлагувчи китоб рекламалари муносиб ўрин эгалласа!..

 

Тўлқин ЭШБЕК,

 

ЎзМУ Ахборот хизмат раҳбари