O'zMU » Yangiliklar » Qaynonam - onam mening, kelinim - bolam nening!

Оиланинг миллий руҳи – халқнинг миллий руҳиятини белгилайди. Шу маънода оила ўзининг ҳар бир аъзосида миллий психологияни шакллантирувчи муқаддас ижтимоий институт ҳисобланади. Бу институт неча минг йилликлар давомида жаҳон халқларинг бир-бирларига ўхшамайдиган турфа миллий-маънавий қиёфаларини тарбиялаб келаётир. Истиқлол туфайли ўзбек оиласи қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиш ва жаҳон афкор оммаси наздидаги эътиборини юксалтиришга қаратилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий университетида “Қайнонам - онам менинг, келиним - болам менинг” номли маънавий-маърифий ва амалий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад - оиладаги маънавий-ахлоқий муҳит моҳиятини белгилашда эр-хотиннинг,  ўз фарзандларию қайнона-қайноталарига, келин-куёвларга, қўни-қўшниларига, қуда-андаларига муносабатлари, шунингдек, ҳар бирларининг ўз вазифаларини, бурч ва маъсулиятларини нечоғлик англаб адо этишлари, муҳим аҳамият касб этади. Худди шу жараёнда ўзбек оилаларида болаларга шафқатлилик, кексаларни ҳурмат қилиш, ёш авлодни аждодларимиз яратган эзгу қадриятлар руҳида одобли ва ахлоқли қилиб тарбиялаш, бунда, авалло, уларда, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, тўғрилик, ростгўйлик, камтарлик, самимийлик, ўзаро ҳурмат, моддий-маънавий  бойликларни асраб-авайлаш, яратиш ва кўпайтиришга рағбат туйғуларини шакллантириш ҳам муҳимдир.

Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилаётган бугунги тадбир ҳам ёш-талаба қизларнинг маънавий – ахлоқий камолотини янада мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан муҳим ижтимоий – маънавий аҳамиятга эга.

Шуниси қувончлики, 2012 йилнинг “Мустаҳкам оила  йили” деб эълон қилиниши, жамият диққат – эътиборини ўзбек миллий оиласини мустаҳкамлашга қаратилганлиги, энг муҳими, шу муносабат билан оилага алоқадор қатор чора-тадбирлар амалга оширилганлиги ҳам аслида худди шу ўзбекона оилапарварлик асосларини ҳар тарафлама ривожлантириш негизида соғлом ва бақувват, ҳар томонлама ривожланган демократик жамиятни барқарор этиш мақсадини кўзлайди.