O'zMU » Yangiliklar » O'zbekistonda oliy ta'limning isloh etilishi: taraqqiyot tajribasi va istiqbollari

2012 йил 21 ноябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Маданият саройида “Ўзбекистонда олий таълимнинг ислоҳ этилиши: тараққиёт тажрибаси ва истиқболлари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. ЎзМУ ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарих масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи – методик маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда республикамиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимлар, ёш тадқиқотчилар ва иқтидорли талабалар иштирок этдилар.

Мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатаётганини бутун жаҳон зиёлилари эътироф этаётгани эътиборга моликдир,– деди анжуманни кириш сўзи билан очган университет ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ғафуржон Муҳамедов. – Буни шу йил 16-17 февраль кунлари Тошкент шаҳрида “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда фикрларини баён этишган кўпгина хорижлик олимларнинг сўзларидан англаш мумкин. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш одамларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини ўзгартириш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини, ўз келажагига бўлган ишончини оширишнинг энг муҳим омили ва мустаҳкам асосига айланди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Бизнинг янги авлодимиз, билимли, ўтмишнинг ҳар қандай иллатларидан озод бўлган ёшларимиз бугунги кунда мамлакатимизни демократлаштириш ва либераллаштириш, уни янгилаш ва ишончли тарзда равнақ топтиришнинг ҳал қилувчи, ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда.

Анжуман иштирокчилари “Олий таълимни ислоҳ этишнинг Ўзбекистон модели ва халқаро тажриба”, “Олий таълим фани – интеллектуал ривожланган авлодни шакллантиришнинг асоси сифатида”, “Инновацион таълим методикаси ва технологиялари – ўқув жараёнлари сифатини оширувчи омил сифатида”, “Илмий-педагог кадрлар малакасини ошириш масалалари” “Узлуксиз таълим тизимида Ўзбекистон тарихи бўйича янги авлод адабиётларини яратишнинг жиҳатлари”, “Юксак маънавиятли шахсни шакллантиришда тарих таълимининг аҳамияти” деб номланган 6 та шўъбада маърузалар тингладилар.

Сермазмун баҳс-мунозаралар билан ўтган анжуманда айниқса илмга чанқоқ талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси  Ш.Зоҳидова