O'zMU » Yangiliklar » Magistratura to'g'risidagi yangi Nizom talablarini amalga oshirish

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Магистратура тўғрисидаги янги Низом талабларини амалга ошириш” мавзусида турдош ОТМ лари вакиллари иштирокида семинар ўтказилди.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида таълим тизимининг барча бўғинларини тубдан илоҳ қилиш бўйича халқаро миқёсида эътироф қилинган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Юқори талабларга жавоб берадиган узлуксиз таълимнинг яхлит тизими яратилиб, олий таълимнинг халқаро стандартларга мос бакалавриат ва магистратура тизими йўлга қўйилди.

Магистратура таълим тизимини тубдан ислоҳ этишга, диссертация тадқиқотларининг сифатини, илмий ва амалий аҳамиятини оширишга, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида магистратура фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  190-сон қарори муҳим аҳамиятга эга бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Жумладан, Президент Фармонининг 6-бандида “умум қабул қилинган халқаро стандартларга мувофиқ “магистр” даражасини бериш бўйича диссертация иши мазмуни ва сифатига қўйиладиган янги мезонлар ва талаблар ишлаб чиқиш”  вазифаси юклатилган эди.

Президентимизнинг Фармонлари асосида ишлаб чиқилган Магистратура тўғрисидаги Низом 2012 йил 28 декабрдан кучга кирди. Унда юқори малакали кадрлар тайёрлаш даражаси ҳамда сифатини янада оширишга қаратилган қатор янги талаб ва мезонлар киритилган.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2013 йил 26 февраль куни “Магистратура тўғрисидаги янги Низом талабларини амалга ошириш” мавзусида ўтказилган семинарда янги Низомни ўқув жараёнига татбиқ қилиш, унинг афзалликлари ҳақида фикр алмашилди.

Семинарни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўқув ишлари бўйича проректори Б.Шоимқулов олиб борди, Миллий университет Магистратура бўлими бошлиғи Ж.Худойбердиевнинг “Магистратура тўғрисидаги янги Низом ва унинг ижросини таъминлаш тўғрисида”, Миллий университет ЎУБ бошлиғи муовини Д.Толиповнинг   “Магистратура тўғрисидаги янги Низом талаблари асосида магистратура талабалари шахсий календарь иш режасини тузиш” тўғрисидаги маърузалари тингланди. Маърузаларда билдирилган фикрлар ҳамда магистратура таълимига қўйилаётган янги талаб ва мезонлар ҳақида мунозаралар бўлди.

Семинар ишида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ҳамда ОТМлар Магистратура бўлими бошлиқлари иштирок этди.