O'zMU » Yangiliklar » ЎзМУ қошидаги С.Х.Сирожиддинов номли академик лицейда инглиз тилидан "Нотиқлик санъати"га бағишланган илмий танлов тадбири ўтказилди.

Бугунги жадаллашиб бораётган замонда инглиз тилини билиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса унга бўлган қизиқишнинг  тобора ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Шу боис  Президентимиз Ислом Каримовнинг   2012 йил 10 декабрдаги ПҚ  1875-сонли “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра чет тилларини ўргатишни янада такомиллаштириш йўлга қўйилди ва таълим муассасаларида хорижий тилларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Айниқса, чет тиллари орасида  инглиз тилини ўргатиш бўйича чора тадбирларни амалга оширилиши ҳали ҳам давом этмоқда.

 Шу  йилнинг 21-май куни ЎзМУ қошидаги С.Ҳ.Сирожиддинов номли академик  лицейида  ўқувчиларнинг  нотиқлик санъатини  баҳолаш мақсадида мазкур лицейнинг инглиз тили ўқитувчилари Шаҳло Муҳаммадиева ва Дилдора Боймуродова томонидан лицейлараро “Speech contest”  беллашуви ташкил этилди. Мазкур беллашувда  Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатияси Университети қошидаги академик лицейи,   Жаҳон Тиллари   Университети қошидаги 2-сон академик лицейи ва ЎзМУ қошидаги С.Ҳ.Сирожиддинов номли академик  лицейи  ўқувчилари ўзаро беллашишди. Шартга кўра, ўқувчилар  3 дақиқада  ўзларининг ҳаётларида бўлган воқеалар ҳақида инглиз тилида аниқ ва равон гапириш талаб этилди ва  уларнинг нутқлари юзасидан саволлар берилди. Бу беллашувда  ҳакамлар  ҳайъати сифатида  Вестминистер Университети қошидаги академик лицейи   инглиз тили ўқитувчиси Самира Жўраева иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати   Муҳаббат Тўхтаева   беллашувга меҳмон сифатида ташриф буюрди. Узоқ давом этган беллашувдан сўнг  ҳайъат аъзоси Самира Жўраева натижаларни эълон қилди.Унга кўра, Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатияси Университети қошидаги академик лицей  ўқувчиси Шарофуддинова Азиза фахрли  1-ўрин,  ЎзМУ қошидаги С.Ҳ.Сирожиддинов номли академик  лицей  ўқувчиси Отабеков  Фаррух  фахрли 2- ўрин ва Жаҳон Тиллари   Университети қошидаги 2-сон академик  лицей  ўқувчиси  Шакирова Лолита   фахрли 3-ўринни эгаллашди. Ғолиблар ЎзМУ ректорати фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак,  бундай танлов ва беллашувлар ўқувчиларда  хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни уйғотиш  билан бир қаторда уларни  теран фикрлашга,ҳаётида бўлаётган воқеаларни таҳлил қилишга, муаммолар юзага келганда  тўғри қарорлар қабул қилишга, бериладиган саволларга ҳозиржавоб бўлишга ва нутқини эркин равон баён эта олишига ундайди. Айни пайтда муҳтарам юртбошимиз ҳар бир нутқ сўзлаганда келажакни мана шундай  мустақил ва замонавий   фикрлай оладиган,  ўқимишли, шижоаткор   ва изланувчан ёшлар қўлида эканлигини  алоҳида таъкидлайди ва ишонч билдиради. Зеро, ёшлар  эртанги кунимизнинг, порлоқ келажагимизнинг ҳал қилувчи кучларидир.

 

 Manba: UzMU ma'muriyati