O'zMU » Yangiliklar » Турин политехника ва ЎзМУ қошидаги 2-сон академик лицейи ҳамкорлигида "Математика", "Физика", "Информатика", "Кимё", "Биология" ҳамда "Экология" фанларидан конференция бўлиб ўтди.

Маълумки ҳар бир мамлакат ва халқнинг тараққиёти ва қудрати унинг илмий юксалиш даражасига кўра баҳоланади. Бу борада Ватанимиз ўтмишда ўзининг улуғ фарзандлари: Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райхон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Махмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб қомусий олимлари сиймосида нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшдилар. Буюк тарихимиз билан фахрланиш билан бир қаторда бугунги давр ёшлари мустақил Ўзбекистон илм-фани ривожига ҳам ўзларининг ҳиссаларини қўшишлари зарур.

  

Ушбу мақсадларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 2014 йил 6 февралдаги ПҚ-2124 сонли қарори доирасида белгиланган вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида ЎзМУ қошидаги 2-сон академик лицейи, Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети ҳузуридаги академик лицей ҳамда Ўзбекистон «Камолот» ЁИҲ Олмазор туман Кенгаши томонидан ва ЎзМУ Ф-1-121. “Миллий касбий таълимда узлуксиз экологик таълим тизимининг илмий асосларини яратиш” фундаментал лойиҳаси доирасида 2015 йил 29 май куни Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети ҳузуридаги академик лицейида Математика, физика, информатика, кимё, биология ва экология фанларидан II илмий-ижодий конференция ўтказилди.

Конференция доирасида Олмазор туманидаги Ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчи ва ўқитувчилари, Олий таълим муассасалари талаба ва профессор ўқитувчилари

  • Математика, физика, информатика, кимё, биология ва экология соҳасидаги долзарб муаммолар;
  • Математика, физика, информатика, кимё, биология ва экология фанларининг жамиятдаги аҳамияти;
  • Математика, физика, информатика, кимё, биология ва экология соҳасидаги олимларнинг тадқиқотлари ва улар яратган ихтиролар;
  • Лабораторияда амалиёт бўйича изланишлар асосида тайёрланган ижодий ишлар.
 

мавзуларига оид 50га яқин илмий ва ижодий мақолалари билан қатнашдилар. Конференция фаолияти ва маърузачиларни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети профессор-ўқитувчилари баҳолаб бордилар. Конференция сўнгида ташкилотчилар ва иштирокчилар фахрий диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Конференция якунида зарурий тавсиялар ишлаб чиқилди ва конференция материаллари тўплами тузилди.