“Мустақиллик дарси”да Ватан туйғуси

05.09.2018

“Мустақиллик дарси”да Ватан туйғуси

 Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида янги ўқув йили “Мустақилик дарси” билан бошланиши ўзига хос анъанага айланган.

Бу йилги илк сабоқлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остидаги байрам тадбири билан бошланди.

Тадбирнинг очилиш маросимида ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Гавҳар Алимова, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Математика факультети 1-курс талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Мафтуна Саматбоева ва бошқалар муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан бу йил юртимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида ташкил этилгани, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида баён этилган улуғвор ғоя ва мақсадлар мазмун-моҳиятини алоҳида таъкидладилар. Дарҳақиқат, биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз.

– Муҳтарам Президентимиз томонидан биз ёшларга билдирилаётган катта ишонч маънавий қанот бахш этади,– дейди бу йил ЎзМУда янги ташкил этилган Таэквондо ва спорт фаолияти факультети 1-курс талабаси, Таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар совриндори, Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзоси Хожиакбар Зокиров.– Ана шу ишончни оқлаш, она Ватанимизнинг ёруғ келажаги йўлида бор куч ва иқтидоримизни намоён этиш олий мақсадимиздир.

Шу тариқа универстетнинг барча факультетларида 1-курс талабалари учун “Мустақиллик дарси” машғулотлари бошланди. Унда Ражаб Адашев, Лола Элтоева, Малика Қаюмова, Хайрулла Иноғомов, Алишер Отабоев, Акмал Назаров ҳамда таниқли шоирлар Сирожиддин Рауф, Зикрилла Неъмат ва бошқалар билан ўтказилган давра суҳбатлари талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Бу йил талабалик бахтига мушарраф бўлган ёшлар учун ўтказилган илк сабоқ – “Мустақиллик дарси” улар қалбида Ватанга муҳаббат, халқимизга садоқат туйғуларини янада жўш урдиргани бўлғуси мутахассислар чеҳраларда ёрқин акс этмоқда.

 

Тўлқин Эшбек,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

Рўйхатга қайтиш