Абитуриентнинг бахт йўли

11.06.2018

Келгусида зиёли бўлиб камол топиш ишқида ёнаётган юз минглаб иқтидорли йигит-қизлар бахт йўлига отланмоқда!

Юксак марраларни кўзлаган ёшлар учун мамлакатимиздаги энг юксак олий таълим муассасаси – аср тенгдоши бўлган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети мунтазир!

Пойтахтимиз Тошкентнинг энг сўлим гўшаси – “Ёшлик” шаҳарчаси кўркига кўрк қўшиб турган ЎзМУда таҳсил олиш энг эзгу ниятли ёшларимизга насиб этсин!

Ўтган йиллар мобайнида бу ўқув масканида таҳсил олган атоқли олимлардан 107 нафари академик даражасига эришганлар. Улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари бўлганлар.

Олима аёллардан 130 дан ортиғи фан доктори ва профессор илмий унвонларини олганлар.

Университетда таҳсил олган зиёлилардан Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, шунингдек, кўплаб профессор-ўқитувчилар Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бошқа унвонларга сазовор бўлганлар.

Шу кунга қадар ЎзМУ талабаларидан 30 нафардан ортиғи Президент стипендианти, 25 нафардан зиёди Мирзо Улуғбек номидаги ва 30 нафардан зиёди Алишер Навоий номидаги давлат стипендиялари соҳиби бўлганлар. Университетда “ЎзМУ стипендияси” ҳамда ҳаёти давомида шу ўқув даргоҳида ёрқин из қолдиришган атоқли олимлар – Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Ҳабиб Абдуллаев, Ғулом Каримов, Иброҳим Мўминов номидаги стипендиялар ташкил этилган.

Шу билан бир қаторда ўнлаб иқтидорли талабалар халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ғолиблари сифатида дунёга донг таратдилар!

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган университет Ахборот ресурс марказида интернет тизимига уланган юзлаб компьютерлар хизмати ташкил этилган. Кутубхона фонди 3 миллиондан ортиқ адабиётларга эга. Юртимиз мустақиллиги йилларида чоп этилган ўқув адабиётларининг электрон нусхалари тайёрланиб, университетда жорий қилинган локал тармоқ тизимига узатилади. Бундан ташқари ҳар бир факультетда ўқув хоналари, кутубхоналар замон талабларига мос равишда жиҳозлантирилган.

Фанда илмий мактаб яратиш буюк аждодларимиздан меросдир. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳо бобокалонларимиздан мерос қолган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам бутун дунё илм аҳли учун жуда қадрлидир. Оққан дарё оққани каби бу анъана ЎзМУ олимлари томонидан изчил давом эттирилмоқда. Зеро, турли даврларда олимлар ўзларининг илмий мактабларини яратганлар. Ўтган йиллар мобайнида, университет олимлари томонидан яратилган 50 га яқин ана шундай илмий мактаблар жаҳон илм аҳли томонидан эътироф этилган. Мазкур илмий мактаблар бугунги техник тараққиётимизнинг ҳам пойдевори ҳисобланади. Зеро, улар бугун ҳам турли фанлар ривожига баракали ҳисса қўшаётгани эътиборга моликдир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети истиқболига, унинг илмий-маърифий салоҳиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлатимиз раҳбари Миллий университетимизга бир неча бор ташриф буюриб, қатор истиқболли ғояларни илгари сурдилар. Мазкур ғоялар асосида навбатдаги янги лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига биноан Тарих факультети профессори Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланган бўлса, 2018 йил 2 март куни “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига биноан шу олий мукофот билан тақдирланганлар орасида Математика факультети 1-босқич талабаси Абдусатторова Баҳора Фазлиддиновна ҳам борлиги барчамизга ғурур бахш этади.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 14 октябрь куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида университетимиз талабаси ҳақида билдирган қуйидаги сўзлари бўлғуси зиёлилар қалбига муҳрланиб қолган:

“Энг муҳими, бугунги кунда юртимиздан Хоразмий бобомизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшлардан бири, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси, Хоразм фарзанди Ҳакимбой Эгамберганов бунга яққол мисолдир. Бу истеъдодли йигитимиз қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган.

Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”.

Бугун Ҳакимбой Эгамберганов сингари иқтидорли ёшларнинг том маънода даври келганини ҳар бир талаба теран ҳис этмоқда. Шундай эътибор қозониш, энг муҳими, илм бўстонида бахту иқболини топиш ҳар бир йигит-қиз учун шарафдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар таълим тизимини изчил такомиллаштиришга хизмат қилади. Чунончи, янги авлод ўқув адабиётлари яратиш, уларни таълим жараёнларига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш борасида қатор вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Назарий билимларни амалиёт билан чамбарчас боғлаш учун ЎзМУнинг 3 та дала-амалиёт майдони, 32 та ўқув-илмий лаборатория, 3 та ўқув-илмий-тажриба маркази, 1 та ОТМлараро илмий лаборатория ва 2 та ноёб объектнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Мавжуд илмий мактабларимизда 15 та амалий, 26 та фундаментал, 7 та инновация, 17 та ёш олимларнинг фундаментал (8 та) ва амалий (9 та) лойиҳалари устида ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда талаба-ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, грант танловлари ва лойиҳаларида иштирок этиш, хўжалик шартномалари тузиш, бошқа олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари учун мақсадли илмий кадрлар тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ёш иқтидор соҳибларининг орзу-умидларига эришишлари учун замин яратади.

Ҳақиқий олимнинг сабоғини олган ёшлар илм чўққиларини забт этишларига умид қилса бўлади. Бугунги кунда Миллий университетимизда 29 нафар академик, 150 дан ортиқ фан доктори ва профессорлар, 400 дан зиёд фан номзоди, фалсафа доктори ва доцентлар фаолият кўрсатишаётган бўлса, 200 дан ортиқ ёш олимлар ва 500 дан зиёд иқтидорли талабалар илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.

ЎзМУ АҚШ, Англия, Германия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Исроил, Туркия каби 30 дан ортиқ ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Талабаларимиз ўқиш давомида ана шу хориж университетларида ҳам билим ва малакаларини ошириш имконига эга бўладилар!

Ана шундай улуғ масканда камол топишни истаган абитуриентларга ажойиб хушхабаримиз бор. Бу йил қабул квоталари ЎзМУда қарийб икки баробар оширилган! Бунга қўшимча сиртқи ва кечки таълим йўналишларига ҳам қабул қилинади! Бу ўқишга киришингиз учун имкониятингиз икки-уч баробар ортди, дегани!

Бугун-эрта квота сони, қабул йўналишлари ҳақида аниқ (тасдиқланган!) маълумотларга эга бўлишимиз ҳамоно қўшимча маълумотлар ёритилади.

Сайтимизни эътибор билан кузатиб боринг.

Саволларингиз бўлса +998909120963 телеграми орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

ЎзМУ талабаси бўлишингизга тилакдошмиз. Омад ёр бўлсин!

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

Рўйхатга қайтиш