Ўзбекистонлик талабалар Болгарияда математика бўйича халқаро олимпиадада 2 та олтин ва 2 та бронза медалларни қўлга киритди

01.08.2018

Ўзбекистонлик талабалар Болгарияда математика бўйича халқаро олимпиадада 2 та олтин ва 2 та бронза медалларни қўлга киритди

Жорий йилнинг 22—28 июль кунлари Болгариянинг Благоевград шаҳрида талабалар ўртасидаги анъанавий 25-халқаро математика олимпиадаси (International Mathematics Competition for University Students, www.imc-math.org.uk) бўлиб ўтди. Мазкур халқаро олимпиадада ўзбекистонликлардан 4 нафар талаба иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий Университети математика факультетининг 4-босқич талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимовлар олтин медаллар (1-даражали диплом), Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университети механик муҳандислик факультети 3-босқич талабаси Фаррух Мухаммадиев ва Ўзбекистон Миллий Университети математика факультетининг 1-босқич талабаси Толибжон Исмоиловлар эса бронза медаллар (3-даражали диплом) билан тақдирланди. Жамоага Швейцариянинг Берн Университети математика институти ҳамда Буюк Британиянинг University College London таълим муассасалари катта илмий ходими, математика фанлари доктори (PhD) Ориф Иброгимов раҳбарлик қилди.

Талабалар ўртасидаги энг нуфузли халқаро математика олимпиадаси ҳисобланмиш ушбу олимпиада 1994 йилдан буён мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Олимпиадада қатнашчиларга икки кун давомида Алгебра (чизиқли ва абстракт), Анализ (ҳақиқий ва комплекс), Геометрия ва Комбинаторика соҳларидан масалалар берилади ва улардан ечимларини инглиз тилида тақдим этишлари талаб этилади. Олимпиададан сўнг қатнашчиларнинг ёзма ишлари жамоа раҳбари томонидан ҳимоя қилинади ва баллар тўпланади.

Таъкидлаш жоизки, Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимовлар 2017 йилги талабалар ўртасидаги 24-халқаро математика олимпиадасида ҳам олтин медалларни қўлга киритган. Фаррух Мухаммадиев ва Толибжон Исмоиловлар эса академик Қори-Ниёзов хотирасига бағишланган 2018 йилги Республика математика олимпиадасининг ғолибларидир.

Жамоанинг ушбу халқаро олимпиадада иштирок этишида моддий ва ташкилий томондан кўрсатган ёрдам ва ҳомийликлари учун Ўзбекистон Миллий Университети раҳбариятига, Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университети раҳбариятига, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгашига ҳамда хусусий тадбиркор Даврон Мадиримовга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Жамоа раҳбари Ориф Иброгимов

Манба: daryo.uz


Рўйхатга қайтиш