Кенгаш низоми

Низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й. 
9-сон, 225-модда) ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й. 
11-12-сон, 295-модда) қонунларига ҳамда “Олий таълим тўғрисида”ги Низомга мувофиқ университет Илмий кенгаши фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Университетнинг фаолиятига тегишли асосий масалаларни кўриб чиқиш учун ректор раислигида университет Илмий кенгаши ташкил этилади.

2. Илмий кенгаш таркиби ректор, проректорлар, факультет деканлари, университет таркибига кирувчи мустақил ташкилот ва тармоқлар директорлари, мутахассис чиқарувчи кафедралар мудири, шунингдек, жамоат ташкилотлари раҳбарларидан ташкил этилади. Илмий кенгашнинг бошқа аъзолари факультетнинг умумий мажлисида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар. Профессор-ўқитувчилар таркибидан Илмий кенгашга сайланувчи аъзоларнинг сони ректорнинг буйруғи билан белгиланади. Илмий кенгаш таркибига университетнинг муайян йўналиш муаммолари бўйича ишлаётган йирик олим ва мутахассислари ҳам киритилиши мумкин. Ваколат муддати – 5 йил.

3. Илмий кенгаш таркиби университет ректорининг буйруғи билан тасдиқланади. Ҳар ўқув йилининг бошида, турли сабабларга кўра Илмий кенгаш таркибидан чиққанлар ўрнига, янги аъзолар сайланади ёки низом бўйича киритилади.

II. Илмий кенгашнинг мақсад ва вазифалари

4. Илмий кенгашнинг мақсади – университет жамоаси сайъ-ҳаракатлари, интеллектуал салоҳияти ва бошқа барча имкониятларни Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунларида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, олий таълимнинг давлат таълим стандарти талаблари даражасида мукаммал билим, малака, кўникмаларга эга бўлган профессионал мутахассислар тайёрлашга йўналтиришдан иборат.

5. Университетнинг Илмий кенгаши:

- Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларининг қатъий бажарилишини ўрганиб чиқади ҳамда устивор масалалар бўйича тавсия ва топшириқлар белгилайди;

- факультетларнинг ўқув, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий ишлари тўғрисидаги, академик лицейлар, университет қошидаги илмий жамиятларнинг фаолияти тўғрисидаги, қабул комиссиясининг қабул натижалари тўғрисидаги, шунингдек маркетинг хизматининг халқ хўжалигининг битирувчи мутахассисларга бўлган эҳтиёжи, буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади ҳамда тегишли қарор қабул қилади;

- илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ишлар режалари ижроси, профессор-ўқитувчилар таркибининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш масалаларини муҳокама қилади ҳамда тегишли қарорларни қабул қилади;

- иқтидорли талабалар сафидан ва профессор-ўқитувчилар таркибидан номзодларни “Истеъдод” жамғармалари орқали хорижий олий таълим муассасаларида стажировка ўтишга тавсия этади;

- университет иқтидорли талабалари ва стажер-тадқиқотчи-изланувчилари сафидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси ва номли давлат стипендиялар танловида иштирок этадиган номзодларни тавсия этади;

- "Соғлом авлод учун" жамғармаси билан ҳамкорликда талабаларнинг жисмоний тарбияси ва уларнинг соғлиқларини янада яхшилаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқади;

- асосий буюртмачи ташкилот, корхона ва муассасалар билан корпоратив ҳамкорликни ривожлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда талабаларнинг малакавий амалиёти самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилади ва уларни яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

- хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича қарорлар қабул қилади;

- таълим хизматлари билан шуғулланувчи кичик корхоналар, фирма ва курслар фаолияти ҳақида раҳбарлдарнинг ҳисоботларини эшитади ҳамда тегишли қарор қабул қилади;

- университет талабалари ва ходимларининг техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазасини такомиллаштириш бўйича тадбирларни белгилайди.

III. Илмий кенгаш фаолиятини ташкил этиш

6. Илмий кенгаш ўз фаолиятини ҳар ўқув йили учун ишлаб чиқиладиган режага мувофиқ амалга оширади. Илмий кенгаш режаси 
Илмий кенгаш томонидан кўриб чиқилгандан сўнг университет ректори томонидан тасдиқланади.

7. Университетнинг ўқув, илмий-услубий, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ва ташкилий ишларга доир барча масалалар бўйича 
Илмий кенгаш қарорлари очиқ овоз бериш тартибида кўпчиликнинг овози билан қабул қилинади. Илмий кенгаш мажлиси унинг таркибидаги аъзоларнинг 2/3 қисми иштирок этгандагина ҳақиқий ҳисобланади.

Профессор-ўқитувчилар таркиби лавозимларини эгаллаш ҳамда профессор ёки доцент илмий унвонларини бериш бўйича ўтказиладиган танловлар ва тақдимномалар юзасидан қарорлар ёпиқ овоз бериш йўли билан белгиланган тартибда қабул қилинади.

8. Илмий кенгаш қарорлари университет ректори томонидан тасдиқланганидан сўнг кучга киради.

9. Илмий кенгаш мажлиси баённома билан расмийлаштирилади. Баённомалар Илмий кенгаш раиси ва илмий котиби томонидан имзоланади.

10. Илмий кенгаш раиси мунтазам равишда Илмий кенгаш қарорларининг бажарилиши бўйича текширувлар ташкил этади ва Илмий кенгаш аъзоларига уларнинг натижалари ҳақида ахборот беради.

Асосий кўрсаткичлар
899 Профессор-ўкитувчилар сони
6078 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
35 Ta’lim yo‘nalishlari