Ректор

Ҳурматли дўстлар!

Ўзбекистон Миллий университетининг Ватанимиз тарихи ва тараққиётидаги алоҳида ўрни ва мавқеини, унинг нафақат республикамизда, балки минтақамизда ҳам биринчи замонавий олий таълим муассасаси сифатидаги беқиёс аҳамиятини халқимиз, жамоатчилигимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Бу мўътабар олий ўқув даргоҳининг ўтган асрнинг 18-йилида Туркистон мусулмонлари халқ дорилфунуни, 20-йилда Туркистон давлат университети, 23-йилда Ўрта Осиё давлат университети, 60-йилга келиб Туркистон мусилмонлари халқ дорилфунуни деб аталгани ва ниҳоят, 2000 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деган юксак ном олгани унинг узоқ ва давомли, шу билан бирга, шарафли тарихий йўлни босиб ўтганидан далолат беради.

Ҳеч шубҳасиз, бу, ўз навбатида, университетнинг ҳаёти Ўзбекистон ҳаёти билан узлуксиз ва чамбарчас боғланиб келганини, Ватанимиз қандай машаққатли ўсиш ва юкалиш жараёнларини бошидан кечирган бўлса, уларнинг барчаси ушбу билим даргоҳи тимсолида акс этганини кўрсатади ва бу бетакрор фан ўчоғи, таълим масканига нисбатан чуқур ҳурмат ва эҳтиром уйғотади.

Бугун университетнинг 100 йиллик қутлуғ тўйини кенг нишонлар эканмиз, унинг узоқ, йиллар мобайнида юртимиз ва қўшни давлатларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, Ўрта Осиёдаги кўплаб олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасаларини шакллантиришга қўшган улкан ҳиссаси, ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги барча университетлар учун ҳар томонлама таянч маскани бўлиб келаётганини таъкидлашимиз табиийдир.

Халқимизнинг беқиёс илмий-маданий меросини ўрганиш, шу орқали ёш авлод қалбида истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидоийлик туйғуларини камол топтириш борасида университетда амалга оширилган ишлар, айниқса, эътиборга молик. Жамиятнинг илмий-маданий салоҳиятини юксалтириш, жаҳон андозаларига мос илмий тадқиқотлар олиб бориш, фаннинг муҳим соҳалари бўйича илмий мактабларни шакллантириш ва улар фаолиятини давомийлигини таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ютуқларга эришилди. Университетда бугунги кунда эҳтимоллар назарияси ва математик статистика, механика, назарий физика, табиий бирикмалар ва биоорганик кимё, ғўза генетикаси, гидрогеология, ижтимоий ва иқтисодий география, тишунослик ва адабиётшунослик сингари соҳалар бўйича қирқдан ортиқ илмий мактаблар фаолият олиб бораётгани, бу мактабларнинг илғор анъаналари ёш истеъдодлар томонидан муносиб давом эттирилаётгани бунинг далилидир.

Бугун Ўзбекистон Миллий университети таълим тизимини илғор илм-фан ютуқлари асосида такомиллаштириш, мамлакатимиздаги барча университетлар учун ўқув, илмий-услубий, маънавий-маърифий масалалар юзасидан таянч ҳамда етакчи олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатишга эришмоқда. Бу борадаги муваффақиятларни янги босқичга кўтариш учун таълим тизимига янги замонавий педагогик ва инновацион технологияларни татбиқ этиш, ўқитишнинг сифат ва самарадорлигини ошириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Миллий университети жаҳоннинг кўплаб нуфузли фан ва таълим марказлари билан ўзаро тенг манфаатли хамкорликни йўлга қўйган. Бу эса, фаннинг дунё миқёсида эришилган энг сунгги ютуқларини таълим жараёнига татбиқ этиш, ўқитиш тизимини замон талаблари даражасида ривожлантириш имконини бермоқда.

Миллий университет ана шу юксак мақомга эришгандан буён ўтган йиллар давомида ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий масалаларда эътироф этилган таянч олий таълим муассасасига айланди. Университет 100 йиллик юбилей муносабати билан ишга туширилган янги расмий веб сайти илм даргоҳи ташкил этилгандан то бугунги кунгача эришган ютуқларини тщлиы акс эттирганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.

Маълумки, таълим ва илм-фан мамлакатнинг инновацион ривожланиш асоси ҳисобланади. Бугунги замонавий шароитда илм-фаннинг роли анча ошди. Ҳозирги глобаллашув асрида таълим тизимини такомиллаштириш устувор вазифалардан биридир. Давлатнинг рақобатбардошлиги фуқароларининг таълим даражасига боғлиқ.

Веб-сайтда университетимиз тарихи, унга раҳбарлик қилган ректорлар, мактаб яратган олимлар, факультетлар ва уларнинг таркиби, деканлар, йирик фан намояндалари, фахрийлар, кафедра мудирлари ҳамда ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар, улар яратган илмий ва илмий-методик ишлар киритилган. Шунингдек, университет бўйича ва ҳар бир факультетда таълим олаётган талабалар сони, уларнинг вилоятлар бўйича нуфузи, қайси талабалар турар жойларида яшаши рангли тасвирлар орқали ифодаланган.

Бундан ташқари, веб-сайтда университет жойлашган географик ҳудуд, унинг атроф табиати ва ниҳоят, университетда хизмат қилаётган маданий-маърифий, ташкилий-хўжалик бўлимлар ходимлариниг фаолияти ҳам акс этган. Шу жиҳатдан ушбу веб-сайтни университет ҳаётининг, ютуқларининг ўзига ҳос кўзгуси, дейиш мумкин. Ушбу кўзгуда, таъбир жоиз бўлса, муваффақиятлар ҳам, такомилига етиши зарур бўлган жиҳатлар ҳам яққол акс этиб турибди. Бу эса, ўз навбатида, бизни фан ва таълим тараққиётида янги юксак марраларга чорлайди.

Авазжон Мараҳимов,
Мирзо Улуғбек номидаги 
Ўзбекистон Миллий университети ректори, 
техника фанлари доктори, профессор

Асосий кўрсаткичлар
899 Профессор-ўкитувчилар сони
6078 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
35 Ta’lim yo‘nalishlari