Талабалар илмий фолияти низоми

Ўзбекистон Миллий университети

талабаларининг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

Н И З О М

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисидаги” ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тўғрисида”ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли, 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3982-сонли қарорлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети уставига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий университети (кейинги ўринларда – Университет) талабаларининг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. 
2. Талабаларнинг илмий-тадқиқот ишлари Университетнинг малакали кадрлар етиштириш йўналишидаги фаолиятида  бўлажак мутахассисларнинг соҳага оид масалаларни илмий ва амалий жиҳатдан ҳал қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил қилинади.  
3. Талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолияти таълим тизимининг  замонавий талаблари ҳамда кўп йиллик тажрибага таянган ҳолда ташкил қилинади. Бунда талабаларнинг тегишли фан соҳалари бўйича миллий ва хорижий тажриба, шунингдек, мавжуд илмий-назарий манбалар билан танишиши ва улардан фойдаланишига яқиндан кўмак берилади. 

II. Талабалар илмий-тадқиқот фаолиятининг мақсад ва вазифалари

4. Талабалар илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришдан кўзланган мақсад:
тегишли фан соҳалари бўйича талабаларнинг билимини ошириш;
малакали кадрлар тайёрлаш ишлари сифатини янада ошириш; 
Университет талабаларининг ижодий қобилияти ва ижод эркинлигини ошириш, шунингдек уларда ўқув жараёни ва келажакда амалга оширадиган амалий фаолиятида ташаббускорлик ҳиссини шакллантириш ва ривожлантириш;
талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш йўли билан ўз мутахассислигига бўлган ижодий ёндашувини шакллантириш, бўлажак мутахассисларнинг шахсий профессионал хусусиятларини шакллантиришга кўмаклашиш.
5. Талабалар илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг асосий вазифалари:
талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишнинг турли усуллари, йўналишлари ва кўникмаларининг ўзлаштиришига эришиш;
талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятида иштирок этиши орқали ўқув материалларини чуқурроқ ўзлаштиришига кўмаклашиш ва уларнинг ушбу жараёнга ижодий ёндашувини кучайтириш;
талабаларнинг илмий муаммоларни мустақил ҳал қилиш усулларини ўрганиши ва уларнинг илмий жамоаларда ишлаш қобилиятини шакллантириш;
талабаларни унивеситетда бажариладиган илмий тадқиқот лойиҳаларига кенг жалб қилиш; 
олий ўқув юртидан кейинги таълим босқичларига қобилиятли ёшларни танлаш бўйича ишларни ташкил этишда кутилган сифат ва самарага эришишга кўмаклашиш.

III. Талабалар илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш

7. Университет талабаларининг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш университетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича ҳамда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари зиммасига юкланади. Талабалар илмий-тадқиқот фаолияти кафедралар, талабалар илмий тўгараклари, Ёш олимлар кенгаши, Иқтидорли талабалар бўлими олиб борилади. Мазкур тузилмалардаги илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва бошқариш, уларнинг самарадорлигига мазкур тузилма масъул ходимлари жавобгар ҳисобланади. Ушбу тузилмаларнинг ҳар бири ўзининг функционал вазифаларидан келиб чиққан ҳолда талабалар илмий фаолиятини амалга ошириш ишларида иштирок этади. 
8.  Талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш уларнинг университет доирасида, республика ОТМлари ва халқаро миқёсида амалга ошириладиган илмий семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, олимпиадалар, танловларда иштирок этишини таъминлашни назарда тутади. 
9. Талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини бевосита рўёбга чиқарадиган асосий бўғин кафедра ҳисобланади. 
Кафедралар талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ қуйидагилани ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:
иқтидорли талабалар учун илмий мавзулар рўйхати;
курс ишлари мавзулари;
битирув малакавий ишлари мавзулари;
магистрлик диссертациялари мавзулари. 
Кафедранинг профессор-ўқитувчилари талабалар томонидан тайёрланган илмий мақолаларни кўриб чиқади ва чоп этиш учун тавсия этади. 
Кафедралар Университет илмий йўналишдаги фаолиятини ривожлантириш мақсадида илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи ҳар бир талабанинг илмий соҳада ўз қобилиятини кўрсатишига имконият яратиши шарт. 
Кафедралар қошидаги илмий тўгараклар талабаларни мазкур низомда белгиланган мақсадларга эришиш ҳамда тегишли фанлар бўйича  олимпиадаларида иштирок этиши учун тайёрлайди.  
Кафедрада амалга оширилаётган талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятига оид кўрсаткичлар кафедра ва унинг профессор-ўқитувчилари фаолиятига баҳо беришда инобатга олинади. Мазкур кўрсаткичлар кафедраларнинг ҳисоботларида акс этиши шарт.
10. Университетда илмий-тадқиқот ишларини ташкил этишни бошқариш кафедралар томонидан талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятига оид режаларнинг бажарилишини назорат қилишни ҳам  кўзда тутади. 
Ҳар бир кафедра иқтидорли талабалар ва илмий тўгараклар фаолиятига оид режалар, уларнинг бажарилишига оид маълумотлар юзасидан Илмий тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўлимига ва зарур ҳолларда эса бевосита Университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорига ҳисобот бериб боради.
Шунингдек, магистратура бўлими ва кафедралар магистрларнинг илмий тадқиқот ишлари, хусусан магистрлик диссертацияларининг ҳолати, сифати юзасидан Университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорига  ҳар ўқув семестри якунида бир марта ҳисобот бериб боради. 
11. Талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолияти билан боғлиқ университет бошқарув ишларини такомиллаштиришга оид таклифлари Талабалар илмий жамияти томонидан ўрганилади ва улар юзасидан тегишли тартибда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
12. Университетда талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш қуйидаги тамойилларга асосланади:
ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнларининг ўзаро боғлиқлиги  ва узвий олиб борилиши;
талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этишда ҳам назарий, ҳам амалий кўникмаларнинг шакллантирилиши;
талабалар илмий-тадқиқот фаолиятининг илмий фаолият натижалари рефератлар, рисолалар, битирув малакавий ишлари, магистрлик диссертациялари, илмий мақолалар ва тезислар каби маълум  шаклларда намоён бўлиши;
талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятининг давомийлиги ва узлуксизлиги (бакалавр, магистр, катта илмий-ходим изланувчи);
талабалар илмий-тадқиқот фаолиятининг ўқув дастурлари ва ўқув жараёнлари босқичларига мос тарзда ташкил этилиши;
илмий-тадқиқот фаолиятида қўлланиладиган усул ва шаклларни талабанинг билим даражаси (курси)га кўра мураккаблаштириб бориш.
13. Университет талабаларининг илмий-тадқиқот фаолияти турлари:
ўқув жараёнида қўлланиладиган илмий-тадқиқот фаолияти;
ўқув жараёнини тўлдирадиган илмий-тадқиқот фаолияти.
14. Ўқув жараёнида қўлланиладиган илмий-тадқиқот фаолияти ўқув дастурлари ва режаларига киритилган бўлиб, у қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
курс ишлари, битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари. 
15. Ўқув жараёнини тўлдирадиган илмий-тадқиқот фаолияти ўқув дастурларида назарда тутилмайди, у талабаларнинг мутахассис сифатидаги кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашади. Ушбу фаолият қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
талабалар илмий жамияти фаолиятида иштирок этиш;
талабалар илмий тўгаракларига аъзо бўлиш; 
талабаларнинг Университет доирасида, республика ОТМлари ва халқаро миқёсида амалга ошириладиган илмий семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, конгресслар, форумларда иштирок этиши; 
талабалар илмий нашрлари.
16. Талабалар илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:
илмий-тадқиқот ишларини режалаштириш, ташкиллаштириш ва амалга ошириш методологиясини ўрганиш;
Университетнинг илмий фаолият йўналишлари, уларнинг фаолиятини амалга ошириш принциплари, анъаналари, ютуқлари билан танишиш;
талабалар илмий жамияти, илмий тўгараклар, Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ва бошқа илмий бўлинмалар фаолиятида иштирок этиш;
Университет доирасида, Республика ОТМлари ва халқаро миқёсида амалга ошириладиган илмий семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, конгресслар, форумларда иштирок этиш;
бажарилган илмий-тадқиқот иши натижаларини магистрлик диссертацияси, битирув малакавий иши, курс иши, реферат, конференция ёки давра суҳбатларида, илмий тўгарак мажлисларида баён этиладиган илмий маъруза тарзида илмий мақола ёки тезис тақдим этиш;
илмий йўналишлар бўйича тадқиқот мавзуларини излаш ва танлаш;
илмий журналларда мақолалар чоп этиш;
хорижий илмий нашрлар (Scopus рўйхатидаги) мақолалар чоп этиш; 
илмий рисола ва монографиялар чоп этиш;
фан олимпиадаларда иштирок этиш.

IV. Талабалар илмий-тадқиқот фаолиятини молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш

17. Талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолияти университет томонидан ажратиладаган маблағлар, шунингдек, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ҳомийлар ҳисобидан молиялаштирилади. 
18. Илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланувчи талабаларга Университет Ахборот ресурс маркази илмий фондидан, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари ва электрон дастурлардан фойдаланишга шароит яратилади. 

V. Талабалар илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантириш

19. Талабалар илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантиришнинг асосий шакллари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
талабаларнинг илмий ишларини Университет доирасидаги нашрларда чоп этиш;
талабаларнинг энг яхши илмий ишлари, стартап лойиҳалари намуналарини турли даражадаги танлов ва конференцияларда тақдим этиш;
илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи талабалар номзодини давлат ва нодавлат муассасалари томонидан эълон қилинадиган таълим ва илмий йўналишдаги турли грантларда иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида тақдим этиш;
энг фаол талабалар номзодини давлат стипендиялари ва мукофотларини олиш учун тақдим этиш;
хорижий давлатларда таҳсил олиши ёки стажировка ўташи учун тавсиянома бериш;
талабаларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш (ташаккурнома эълон қилиш, фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаш, илмий-тадқиқот фаолияти бўйича эришган юксак натижалари учун қимматбаҳо совғалар тақдим этиш ва ҳ.);
Университет ва республика илмий нашрларида ўз илмий мақолалари ва бошқа илмий ишлари билан фаол иштирок этган, шунингдек, илмий йўналишдаги бошқа ҳар қандай фаолиятда ташаббус кўрсатган (грант лойиҳаларида  иштирок этиш, қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар киритиш, илмий йўналишдаги турли тадбирлар иштирокчиси, ғолиби бўлиш ва ҳ.к.) магистрнинг у таҳсил олган кафедрага докторант сифатида ўқишга кириши учун Университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори томонидан тавсиянома берилади. 
Ушбу йўналишда юқори натижаларга эришган Университет профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш. 

VI. Якуний қоида
20. Мазкур Низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ректор буйруғига асосан амалга оширилади. 


Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari