Алишер Навоий – адабиётимизнинг буюк сиймоси

Асрлар оша халқимиз эзгу мақсадларини ўзида акс эттирган бой маънавий илдизларимизга таянади. Маънавиятимиз асосларини эса буюк шоир ва мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бебаҳо меросидан айро тасаввур этиб бўлмайди. Жаҳон эътироф этган аллома бобомиз таваллудининг 578 йиллиги мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларида кенг нишонланаётган кунларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Алишер Навоий – адабиётимизнинг буюк сиймоси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. 



Унда География ва табиий ҳамда Геология ва геоинформацион тизимлар факультетлари талабари, профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар. 

– Мир Алишер Навоийнинг шоир ва давлат арбоби сифатида ўзбек миллий давлатчилиги, адабиёт, маънавият ва маърифат, тилшунослик фанлари равнақига қўшган ҳиссаси беқиёсдир,– деди ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўлими ҳамда маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров.– Буюк аждодимизнинг инсоният, жамият олдидаги буюк хизматлари нафақат ўша давр билан боғлиқ, балки бугун ҳам, келажакда ҳам эл-юртга наф келтиришни олий саодат деб билганини комил инсон, халқпарварлик, миллатлараро дўстлик, тинчлик ва осойишталик тараннум этилган асарлари орқали ҳам яхши биламиз. Бу бебаҳо маънавий мерос миллат тарбияси, ёшларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ғоятда муҳим роль ўйнашини ҳаммамиз яхши биламиз. Шундай экан, Алишер Навоий асарларини қўлдан қўймай ўқиб ўрганиш ҳам фарз, ҳам қарздир.



Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди Гулбаҳор Ашурова Навоий ижодида илгари сурилган ғоялар, хусусан, инсонпарварлик, комиллик ҳақида сўз юритар экан, шоир ижодини чуқурроқ ўрганишга чорлади. 

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Рустам Мирвоҳид ўз сўзини атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса” номли гўзал шеъри билан бошлади. Шоирнинг дилтортар шеърлари талабаларда катта қизиқиш уйғотди. 

Маънавий-маърифий тадбир талаба-ёшларнинг буюк бобомиз Алишер Навоий ҳақидаги шеърлари билан уланиб кетди. Шунингдек, шоир ижодига мансуб ғазал, рубоийлардан ҳам айтилди.

Сайфулла АШУРОВ, 
ЎзМУ Ахборот хизмати ходими 

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari