Темур тузуклари” – Соҳибқироннинг авлодларига қолдирган сиёсий васиятидир




Бугун юртимиз бўйлаб Соҳибқирон таваллудининг 683 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Буюк давлат арбоби Амир Темур ўзининг ўткир ақл-заковати, ноёб етакчилик қобилияти, ҳарбий маҳорати билан жаҳон тарихида муносиб ўрин тутади. Саркарданинг ҳаёт йўли, давлат бошқаруви, ўз фаолияти давомида эришган муваффақияти бир қатор тарихий асарларда, жумладан, унинг “Темур тузуклари” китобида ҳам яққол аксини топган.

Соҳибқирон таваллудининг 683 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар ҳақида билдирган фикрлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли ҳикматлари ўрин олган деворий лавҳалар (плакатлар) чоп этилди.

Бугун вазирлик ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази қошидаги “Талабалар медиа ижтимоий ва маданият маскани”нинг Пресс-клуб залида мазкур плакатларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда вазирликнинг масъул ходимлари, “Маънавият ва маърифат” маркази масъуллари, олий ўқув юртларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

 

Тақдимотда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Базаров ушбу амалий ташаббуснинг аҳамиятли томонлари ҳақида гапириб шундай деди:

– Бугунги кунда “Темур тузуклари”дан саралаб олинган энг қимматли тузукларни ўзида жамлаган тўққизта деворий лавҳа тайёрланди. Бу йўналишда ишларимиз ҳали давом этади. Аҳамиятли жиҳати, бу деворий лавҳалар тижорат мақсадида эмас, балки, таълим муассасаларига бепул тарқатилиб, ўқув ҳамда турар жой биноларига жойлаштиришга мўлжалланган. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиладиган ҳарбий қисмларга ҳам совға тариқасида берилади.

Шунингдек, мазкур тузукларни саралашда иштирок этган муаллифлардан бири Ўзбекистон миллий университети Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, тарихчи олим Аброр Хидиров талаба-ёшларга Амир Темур ҳақидаги қизиқарли фактларни сўзлаб, “Темур тузуклари” асари Соҳибқирон бобомизнинг ёшларга қолдирган сиёсий васияти эканлиги ва бу васият албатта адо этилиши, яъни бир-биримиз бу васиятга амал қилиб яшашимиз лозимлигини таъкидлади.

Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари” фанидан синов топшириши кераклигини айтиб ўтган эди. Дарҳақиқат, “Темур тузуклари”дан саралаб олинган олтин қоидалар акс эттирилган мазкур деворий лавҳалар нафақат ҳарбийлар, балки, ўқувчи ва талаба-ёшларимизда Ватанга садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини тарбиялашга хизмат қилишга қаратилган.

Зеро, бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – ёшларимизни юртимизнинг ноёб маданий мерослари билан яқиндан таништириш орқали Соҳибқирон бобомиз каби юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга комил инсонлар қилиб тарбиялашдан иборат.

Зебо Нурмонова,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги 
“Маънавият ва маърифат” маркази
Матбуот хизмати бўлими бошлиғи

ЎзА 

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari