“Темур тузуклари” – соҳибқирон давлати тарихи асоси




Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 12-сонли талабалар турар-жойида буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирни Математика факультети деканининг маънавий-маърифий ишлар бўйича муовини Бахтиёр Мамасолиев кириш сўзи билан очиб, тадбир ЎзМУ Тарих факультети ҳамда “Ёшлар иттифоқи” билан ҳамкорликда ўтказилаётганлигини айтиб, тадбир ташкилотчиларини таништирди. Сўзи давомида 12-сонли ТТЖда яшовчи талабалар ўртасида ўтказилган “Ҳар қандай салтанат ақл, адолат, куч пойдеворида қад тиклайди” мавзуидаги деворий газеталар танлови ғолиблари тайёрланган деворий газеталарга ҳам тўхталди. Сўзи якунида “Темур тузуклари” мисолида ёш авлодга Амир Темур давлат сиёсатининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мазкур тадбирнинг асосий мақсади эканини айтиб, сўз навбатини тарих фанлари доктори профессор Неъмат Полвоновга берди. Профессор “Темур тузуклари” ёшлар учун катта илмий, тарбиявий аҳамиятга эга, давлат ва жамият бошқаруви тизими учун ёш кадрларни тайёрлашда ўзига хос йўриқнома ҳисобланиши алоҳида таъкидлади.    



— Амир Темур нафақат қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкордир, — деди профессор Неъмат Полвонов. Маърузаси давомида  Темурийлар тарихи давлат музейи фаолияти хусусида ҳам сўз юритиб, “Тузуклар”ни ўрганиш тарихи, ушбу даврга оид қўлёзма ва ёзма манбалар фонди, илмий тадқиқотлар, “Амир Темур” ордени, “Темурбеклар мактаби” номини олган ҳарбий академик лицейлар тўғрисида атрофлича маълумот берди. 
Тадбир давомида Амир Темурнинг халқпарвар сиёсати, ҳарбий соҳада амалга оширган ислоҳотлари, юртни ободонлаштириш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, адолат ўрнатиш йўлидаги хизматлари эътироф этилди. 



Тадбир кўтаринки ва қизиқарли, руҳда ўтди. Давра суҳбатига келган мутахассис талаба-ёшларнинг барча саволларига батафсил жавоб берди.
Тадбир якунида факультет маънавий-маърифий ишлари бўйича декан муовини Бахтиёр Мамасолиев миннатдорчилигини билдириб мулоқотда фаол бўлган ҳамда деворий газеталар танлови ғолибларига ташаккур билдирди.



Эркин АБДУСАТТОРОВ ,
ЎзМУ Матбуот котиби


Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari