МУХАДДИСЛАР СУЛТОНИ - ИМОМ АЛ-БУХОРИЙ ЗИЁРАТГОҲИГА ҲУШ КЕЛИБСИЗ!

Ислом оламида жуда катта ҳурмат билан тилга олинадиган Имом ал-Бухорийнинг қабрлари жойлашган зиёратгоҳ Самарқанд вилоятининг қадимий меъморий ёдгорликлардан бири саналади.  Имом ал-Бухорий ўз умрини илм ўрганиш учун сарфлаган буюк ва улуғ уламолардан бири эканлиги ҳеч биримизга сир эмас.  Мустақиллик йилларида уларнинг ишларини янада кўпроқ ўрганиш ва Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий руҳларини шод этиш мақсадида аллома ётган зиёратгоҳни ободонлаштириш ишлари олиб борилди.  Шу жумладан,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йил 29-апрелдаги № 217-қарорига мувофиқ бу ёдгорлик мажмуи  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И. А. Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида Самарқанд,  Қўқон ва Шахрисабз халқ усталарининг олтин қўллари билан меъморчилик тарихида энг қисқа муддат,  яни 8 ой мобайнида барпо этилди. 
 


Ҳозирги кунда бу табаррук замин бутун Ислом оламидан ҳамда чет элдан келган сайёҳлар билан гавжум.  Мазкур мажмуа зиёратчилар учун муқаддас маскан ва қолаверса Ҳайит байрамларида келиб ҳайит намозлари ва Жума намозларини ўқиш учун ҳам айни муддаодир.  

Шунингдек,  Имом ал-Бухорий мажмуасининг барпо этилиши ҳақида бироз тўхталиб ўтадиган бўлсак,  меъморий ёдгорликнинг қурилишида унинг гумбазларига Ўзбек миллий ҳунармандчилиги асосида ўзига хос бетакрор безаклар берилган.  Унинг ўрта қисмида „оникс“ тошидан тайёрланган сағана жойлаштирилган.  Мақбаранинг ички қисмидаги алломанинг қабрлари сағана остида жойлашган.  



Мамлакатимиз Биринчи Президентига 1992-йилда Саудия Арабистони подшоҳи томонидан туҳфа қилинган каъбапўш - "Кисва" ҳам айнан Имом ал-Буҳорий мажмуасининг махсус музейидан ўрин эгаллаган.  

Мажмуани зиёрат этар экансиз,  беихтиёр ҳовлидаги ХВ - асрнинг иккинчи ярмида экилган чинорларга кўзингиз тушади.  Ҳовлининг чап тарафида масжид қурилган бўлиб,  унинг ҳонақохлари 786кв/км ва пешайвонларнинг умумий майдонлари эса 214 кв/мни ташкил этади.  Масжид умумий ҳисобда 1500 та намозхонни ўз ичида сиғдира олади.  Мақбара кутубхонасида Ислом динига оид бўлган қўлёзма асарлар сақланади.  Мақбаранинг орқа тарафида эса ҳадис илмини мукаммал ўрганувчилар учун барча шарт-шароитларга эга бўлган "Дорул ҳақио" номи билан аталувчи ҳадисларни ўрганувчи марказ қад ростлаган.  
 


Зиёратчиларнинг кўпчилиги,  ўз мақсадларининг ҳосилини Аллоҳдан тилаб,  дуоларининг ижобатига ихлос қилган ҳолда ушбу мажмуага ташриф буюрадилар.  Боиси,  Имом ал-Бухорий ҳазратларининг 40 йил давомида тўплаган Пайғамбаримиз Муҳаммад (С. А. В) нинг ҳадисларидан бирида "Дуо" ҳақида шундай дейилади:  "Ей иймон келтирган бандалар,  дуо қилинглар.  Дуо ибодатнинг мағзи,  дуо моминнинг қўрғони",  дея марҳамат қилганлар.  Шунингдек,  Имом ал-Бухорий 2 ёшлик чоғларида кўзлари ожиз бўлиб қолиб,  Волидаларининг Аллоҳга қилган илтижолари,  дуолари ижобати сабаб кўз нурларининг қайтарилиши ҳам бунга яққол мисол бўла олади.  
 
Бундай масканларни нафақат дунёвий мақсадлар йўлида,  балки оҳират учун ҳам тез-тез зиёрат қилиб туриш даркор.  Шу ўринда,  Пайғамбаримиз  Муҳаммад (С. А. В) нинг яна бир муборак ҳадиси шарифларини эътиборингизга ҳавола этмоқликни лозим топдим: 

"Ей иймон келтирган бандалар,  қабрларни зиёрат қилинглар,  қабрлар сизларга оҳиратни эслатади".  Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда,  барча юртдошларимиз,  ҳамда шаҳримиз мехмонларини бу табаррук заминни зиёрат қилишга лутфан таклиф қиламиз! 

ЎзМУ Журналистика факуктети
 3-курс талабаси Эъзоза Турғунова

Асосий кўрсаткичлар
899 Профессор-ўкитувчилар сони
6078 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
35 Ta’lim yo‘nalishlari