ФАҚАТ АДАБИЙ ТИЛДА СЎЗЛАШАМИЗ!




Миллий оммавий ахборот воситалари – она тилимизнинг юксак минбари ҳисобланади. Демак, ўзбек адабий тилининг қай даражада ривожланиши ҳамда узлуксиз давом этиши асосан ОАВ ходимларига боғлиқдир. 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабалари ана шу улкан масъулиятни дилдан ва теран ҳис этган ҳолда “Фақат адабий тилда сўзлашамиз!” акциясини бошладилар. 

– Бу акция бизнинг ҳаётий шиоримизга ҳам айланиб қолади,– дейди 2-курс талабаси Муслима Омонқулова.– Мен факультетимизда пухта билим эгаллаш билан бир қаторда “Ўзбекистон-24” каналида фаолиятимни ҳам бошлаганман. Адабий тилда сўзлаш эҳтиёжи ҳар куни кўндаланг туради. Ўзим адабий тилда сўзлаш баробарида кўрсатувмизга интервью бераётганларга жиддий эътибор қаратаман. Мабодо, шевадаги айрим тушунарсиз ё жаргон сўзларни ишлатса, мулойимлик билан адабий тилимиздаги муқобилини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бунинг учун ўз устимда муттасил ишлашимга, изланишимга тўғри келмоқда. Бу борада “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” қомусий китоби бебаҳо қўлланмамдир. 

Дарҳақиқат, она тилимизнинг ҳақиқий жозибаси бадиий ва илмий-оммабоп асарларда ўз аксини намоён этади. 
Қатор телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда сухандонлар, бошловчилар ҳамда зиёлиларнинг адабий тилда сўзлаётганларини тинглаб, ҳузур қиласан, она тилимизнинг нақадар пурмаъно, жозибали эканлигини теран ҳис этсан. 

Шева – халқнинг жонли тили. Азалдан ана шу шевалар бирлашиб, сайқал топиб адабий тилимиз асосини ташкил этган. Адабий тил – умуммиллатнинг беқиёс маънавий мулки! У миллатимиз бирлиги ва якдиллигининг ўзига хос маёғи ҳисобланади. 
Буюк аждодимиз Мир Алишер Навоий бутун турк элини якқалам қилмоқ ниятида адабий тилимизга асос солган бўлса, улуғ адиб Абдулла Қодирий замонавий адабий тилимизнинг нақадар жозибадорлигини “Ўткан кунлар” ва бошқа асарларида маҳорат билан ифода этган. 

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев каби улуғ ёзувчи-шоирлар, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Абдуғафур Расулов, Ибраҳим Ғафуров каби адабиётшуносларнинг асарларини такрор-батакрор мутолаа қилган ўқувчиларга адабий тилда сўзлаш хосияти ҳақида ортиқча тушунтиришга ҳожат ҳам бўлмаса керак. 

Афсуски, шева сўзлари орасида адабий тил нормасига тўғри келмайдиган, мантиқсиз ёки ўзгача маъно касб этадиганлари ҳам кам эмас. Бу ҳолга бепарво қарасак адабий тилимиз завол кўраверади. Ҳозирданоқ ижтимоий тармоқларда алмойи-жалмойи сўз ва иборалар урчиб кетмоқда. Бу аянчли ҳолга беъэтибор юраверсак, эртага радиоэшиттиришлар, телекўрсатувлар, газеталарда ҳам шундай хатоликлар, пойинтар-сойинтар, мантиқсиз сўз-у жумлалар “ёйилиб” кетиши ҳеч гап эмас... 

Бир мушоҳада. Биз ўтган асрнинг етмишинчи йилларида мактабга борган авлод адабий тилни мактабда ўрганганмиз. Ўқитувчиларимиз ҳар бир дарсда адабий тилни сўзма-сўз тушунтириб, шундоқ сўзлашга ўргатишган. Ўзлари ҳатто кўча-кўйда ҳам адабий тилда сўзлашарди. Адабий тилда сўзлашиш – энг маданиятли инсонларга хос фазилат экан, деган фикр болаликдан қалбимизга муҳрланиб қолган. Афсуски, сўнгги ўн йилликлар мобайнида қайсики таълим масканларида бу нозик масалага эътибор сусайган бўлса, у ерда улғаяётган ўғил-қизларда адабий тилда сўзлашиш ва ёзиш тушунчаси ҳаминқадар бўлиб қолмоқда. Шу тариқа оғзаки пойинтар-сойинтар сўзлашувлар чексиз ахборот майдони ҳисобланмиш ижтимоий тармоқларда, телеграм каналларида урчиб кетаётир. 

Шева билан адабий тилнинг фарқига бормайдиганлар кўпайиб кетаётгани ташвишли ҳол эмасми? 
Шундай экан, бўлғуси журналистларнинг бу хайрли акцияси барча таълим муассасалари бўйлаб кенг қанот ёзса нур устига аъло нур бўлур эди. 

Тўлқин ЭШБЕК, 
ЎзМУ Журналистика факультети “Уч илдиз” маҳорат мактаби раҳбари 

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari