Математика бўйича Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада натижалари эълон қилинди


29-30 октябрь кунлари Урганч шаҳрида университетлар талабалари ўртасида математика бўйича Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Facebook саҳифасида шу ҳақида хабар берилди. 

Бундай олимпиада ўтказиш ғояси 2017 йилнинг сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг илм-фан ва технологияларга доир биринчи саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган эди. 

Олимпиаданинг асосий мақсад ва вазифалари қобилиятли ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантириш, фундаментал фанлар билан шуғулланишга жалб қилиш, талабалар орасида илмий-тадқиқот фаолиятига бўлган қизиқишларни аниқлаш ва ривожлантириш, турли мамлакатлар талабалари ўртасида халқаро ҳамкорлик шакллари ва маданий  алоқаларни кенгайтириш, шунингдек буюк олим Муҳаммад Ал-Хоразмийнинг бой меросини оммалаштиришдан иборат. 

Олимпиадада дунёнинг 20 мамлакати (БАА, Эрон, Малайзия, Россия, Болгария, Эстония, Словения, Украина, Беларусь, қатор Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари) 58 университидан 334 нафар киши иштирок этди. Ўзбекистон шарафини мамлакатнинг 33 олий таълим муассасаси талабалари ҳимоя қилишди. 

Олимпиада иштирокчилари билимлари 20 кишидан иборат ҳайъат томонидан баҳоланди, уларнинг 18 нафари хорижий мутахассислардан иборат бўлди. 

Олимпиада очилишининг тантанали маросими 29 октябрь куни Хоразм вилоятидаги “Ёшлик” спорт мажмуида бўлиб ўтди. Италиянинг Пиза Университети профессори Марко Абати видеотрансляция орқали олимпиада иштирокчиларини қўллаб-қувватлаб, уларга  омад тилади. 

Олимпиада натижаларига кўра, 66 иштирокчи турли медаллар билан тақдирланди – 14 олтин, 23 кумуш ва 29 бронза. Биринчи ўрин Пекин университети (Хитой) талабаси Хао Ран Вангга насиб этди. Иккинчи ўринни эса Шариф университети (Эрон) талабаси Али Даэи Наби эгаллади. Учинчи ўрин Пекин университети талабаси Минг Хуиоу Янг томонидан банд қилинди. Ўзбекистон Миллий университети талабаси Толибжон Исмоилов тўртинчи ўринга муносиб кўрилди. 

Қўлга киритилган медаллар бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни - Хитойнинг Пекин университети, иккинчи ўринни – Ўзбекистон Миллий университети ва учинчи ўринни Эстониянинг Тарту университети эгаллади. 30 университет вакиллари турли даражадаги медаллар билан тақдирланишди. 

Олимпиада низомига мувофиқ, беллашув ғолиблари олий таълим муассасалари магистратурасига математика, физика, ахборот технологиялари ҳамда муҳандислик-техник йўналишдаги таълим ихтисослиги бўйича қабул квотасидан ташқари, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Ушбу ҳуқуқ Олимпиада ғолиблигини қўлга киритган талаба томонидан ОТМ бакалавриатини тугаллаган вақтдан бошлаб уч йил давомида сақланиб қолинади. 

Таъкидлаш жоизки, Олимпиада иштирокчилари сафар давомида Хива, Аёз-Қалъа ва Урганчнинг тарихий обидалари билан яқиндан танишишди, шунингдек Урганч давлат университети, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида бўлишди. 

Бундан ташқари, Олимпиада иштирокчилари буюк математик ва олим Муҳаммад Ал-Хоразмийнинг Урганч марказий майдонидаги  ҳайкали пойига гуллар келтиришди. Олимпиаданинг ёпилишида иштирокчилар учун мамлакатнинг истеъдодли ёшлари ва санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди. 

Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Иккинчи халқаро олимпиада 2020 йилнинг октябрь ойи учинчи декадасида Урганч шаҳрида ўтказилиши режалаштирилмоқда. 

Манба: kun.uz
Асосий кўрсаткичлар
899 Профессор-ўкитувчилар сони
6078 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
35 Ta’lim yo‘nalishlari