Алвидо, Устоз…

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология

фанлари номзоди Омонулла Мадаев вафоти муносабати билан ЎзМУ жамоаси ва кўпсонли шогирдлари, ҳамкасб-дўстлари устознинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, шу оғир дамларда Яратгандан сабр тилайди. Илоҳим, Устознинг жойлари жаннатда, охиротлари обод бўлсин.

ЎзМУ Ахборот хизмати



Илм олами учун навбатдаги оғир жудолик




Таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди Омонулла Мадаев 2 март куни 76 ёшида вафот этди. Узоқ йиллар давомида ўзбек педагогика мактаби, фольклоршунослик мактаби ва журналистикасига катта ҳисса қўшиб келган атоқли олим вафоти муносабати билан бугун халқимиз ижтимоий тармоқларда ҳам ўз таъзиясини изҳор этмоқда.
- Ўзбекистон Миллий университетда ишлаган даврнинг мен учун бетакрорлиги бу Омонулла ака билан бирга ишлаганлигим, — деб ёзади Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида. — Устоз дарслари факультет йўлакларидан жаранглаб, хонамгача эшитилиб, келарди, мазза қилиб тинглаб ўтирардим. Тил билан боғлик анжуманлардаги ҳар бир чиқишлари эсда қоларди. Яқинда, октябрь ойида ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигига 29 йил тўлиши муносабати билан ЎзЖОКУ талабалари билан учрашувга Омонулла Мадаевни таклиф қилдик. Икки соат давомида қўлларидаги машҳур ён дафтарлари билан аудиторияни юқори ҳароратда ушлаб турдилар, талабалар кўзларида анчагача ҳурмат ва ҳавас туйғулари акс этиб турарди… Биз кўпроқ кўришиб туришга келишиб, хайрлашгандик Мадаев домла билан…Афсус, минг афсус… ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва унинг ҳузурига қайтурмиз. Аниқки, ҳеч ким домладек дарс ўтолмайди, бу энди армон. Мадаев деганда, давомат 100 фоиз бўларди, Мадаев бу иқтидор ва харизма эди, Мадаев бу профессионал дегани эди…Яна бир армон шуки, Омонулла ака ҳар йили эрта баҳорда Фарғона вилояти Қўқон шаҳри яқинидаги минглаб ўриклар гуллашидан роҳат олишга ошиқ каби шошардилар… минг афсус, бу йил насиб қилмади…
Таниқли ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса ўзининг телеграмм каналида шундай ёзади: «Улар каби илмли, қатъиятли, ҳақиқатпарвар, тўғрисўз, мард ва юрт қайғусида ёнадиган фидойи инсонлар камдан-кам дунёга келса керак. Омонулла Мадаев нафақат адабиётшунослик илми, балки ўзбек таълим тизими учун ҳам катта йўқотиш бўлди».
Маълумот учун, Омонулла Мадаев 1942 йил 20 майда Тошкент шаҳрида туғилган. 1964 йил Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. 1958 йил Тошкент шаҳар 1- сонли мактаб-интернат ўқитувчиси, 1964 йил Тошкент шаҳар 82-сонли ўрта мактаб ўқитувчиси сифатида меҳнат қилган. 1966 йил ТошДУ Ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида, 1982 йилдан Тошкент давлат университетининг ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида доцент лавозимида ишлаган. Маълум вақт Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети декани сифатида ҳам фаолият юритган.
Омонулла Мадаев ўзбек халқ оғзаки ижоди, адабиётшунослик ва педагогикага оид бир қатор дарсликлар муаллифи ҳисобланади.
Яқинларининг маълумот беришича, Омонулла Мадаев сўнгги манзилга бугун, 3 март куни “Шайх Зайниддин ота” масжидида пешин намози вақтида кузатилади.

ЎзА


Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari