АЁЛ БИЛАН ОЛАМ МУНАВВАР





Ҳаёт фалсафаси ва гўзаллиги азиз Она сиймосида, аёл тимсолида намоён бўлади. 
Ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни олдидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар илм масканимизга ўзгача шукуҳ бахш этади. Бу гал “Аёл билан олам мунаввар” деб номланган байрам тантанаси олима-ю талаба қизлар, устоз-у шогирдлар қалбига олам-олам қувонч бахш этгани уларнинг гулгун чеҳраларида яққол акс этиб турди.
– Асрга тенгдош университетимизда фаолият юритаётган 2200 нафардан ошиқ профессор-ўқитувчи ва ходимларнинг 800 нафардан зиёди аёл, жумладан, 500 нафардан ортиғи олима профессор-ўқитувчилардир. Бу рақамлар, бугунги кунда аёлларимизни жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг қанчалик фаол иштирокчиси эканлигини кўрсатади,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов тадбир иштирокчиларини қутлаб.– Бу қутлуғ айёмда ҳурматли олима аёлларимиз ва азиз талаба қизларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз. Аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир. Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир. Буни биз, Самарқанддаги Бибихоним мадрасаси ёки буюк аждодларимиз Бобурийлар бунёд этган Тожмаҳал мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бизни гўдаклигимиздаёқ илму тафаккур неъматидан баҳраманд этган энг биринчи Устозимиз – Онамиздир. Мутахассислар фикрича, инсон умри бўйи оладиган билим ва тасавурларининг 70 фоизини 5 ёшгача асосан Она тарбиясидан олиши аллақачон исботланган. Таъбири жоиз бўлса, Буюк миллатни Буюк оналар яратади, десак муболаға бўлмайди. Шу боисдан ҳам оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар боис ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Бугунги кунда педагог-олима аёлларимиздан 1 нафари академик, 38 нафари фан докторлари, 119 нафари фан номзодлари ва фалсафа докторлари бўлса, бир гуруҳи “Шуҳрат” ордени, “Дўстлик” медали, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Мўътабар аёл” каби давлатимизнинг юксак фахрий унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлгани барчамизга ғурур бахш этади. Талаба қизларимиздан 9 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлгани, сўнгги бир йил мобайнида 17 нафари халқаро ва республика фан олимпиадаси ғолибалари, 2 нафари Давлат стипендия соҳибалари бўлганлари билан жуда фахрланамиз.
Ҳақиқатан ҳам, гўзаллик ва нафосат, меҳру муҳаббат, вафо ва назокат рамзи бўлган, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саховати билан наинки ўз оилаларига, шу билан бир қаторда меҳнат жамоаларига, илм масканимизга файзу тароват бахш этгувчи оналаримиз, опа-сингилларимиз – жамият кўркидир. 
— Бундай тадбирлар аёлларимизга бўлган катта ҳурмат-эътиборнинг кичик нишонаси, — деди университет Хотин-қизлар кенгаши раиси Лаълихон Мухаммаджонова. — Бу эътибор бизни жуда тўлқинлантирди, чин маънода байрам шукуҳини ҳис қилдик.
Аслида, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб яшайдиган халқ юксак маданиятини намоён этган бўлади. Аёлларга хос меҳнатсеварлик, меҳрибонлик, шукроналик ва орасталик фазилатларига мафтун бўлсак, илму-заковатларига мудом таҳсин айтамиз. 
Республикамизнинг таниқли санъаткор ва сўз усталари ижросидаги концерт дастури, шунингдек, университетнинг иқтидорли талабалари томонидан айтилган шеър ва куй-қўшиқлар байрам тадбирининг янада файзли ўтишига хизмат қилди

Тўлқин ЭШБЕК, 
ЎзМУ газетаси мухбири

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari