АКАДЕМИК ЭРКИН ЮСУПОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 90 ЙИЛЛИГИ

2019 йил 15 март куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги, Россия Фанлар академиясининг академиги, Аҳмад Яссавий номли Халқаро гуманитар тадқиқотлар маркази (Анқара) мухбир аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофати лауреати академик Эркин Юсуповни хотирлаб, таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб давра суҳбати бўлиб ўтди.



 Таниқли олимлар, академиклар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этган ушбу тадбирда Эркин Юсуповнинг илм-фан, жамоатчилик соҳасидаги хизматлари, ажойиб инсоний фазилатлари хусусида сўз юритилди.
ЎзМУ ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Нажмиддин Қодиров кириш сўзи ҳамда академик Эркин Юсупов ҳақидаги маърузаси билан давра суҳбатини очиб берди. Тадбирни Ижтимоий фанлар факультети декани, доцент Хаким Тўхтаев олиб борди.
Дастлаб ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети Фалсафа ва мантиқ кафедраси мудири, ф.ф.д., профессор Шахноза Мадаева Эркин Юсуповнинг ҳаёт йўли, илмий ва жамоатчилик соҳасидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.



Шундан сўнг академик Эркин Юсупов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган махсус фильм намойиш этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, академик Аҳмадали Асқаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раиси академик Акмал Саидов, Чирчиқ Давлат педагогика институти ректори профессор Ғофуржон Мухамедов, фалсафа фанлари доктори, профессор Нарзулла Жўраев, иқтисод фанлари доктори, профессор Б.Умрзоқов ва бошқалар Эркин Юсупов билан боғлиқ хотираларини ёдга олди, у инсоннинг олижаноб фазилатлари ҳақида сўз юритди.



–Ижтимоий-гуманитар соҳа олимларидан фақатгина Эркин Юсупов СССР ФА академиклигига сайланган. Бу олимнинг юксак илмий салоҳиятининг исботидир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, академик Акмал Саидов. – Эркин Юсуповнинг Ўзбекистон ССРда ўзбек тилидаги биринчи қонуннинг қабул қилинишида ҳиссаси катта. Бу “Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисида”ги қонун эди. У ўзбек халқи манфаатларини доимо ҳимоя қилиб келган, миллий истиқлол ғояларига содиқ, маърифатпарвар, фидойи инсон эди.



Тадбирда нутқ сўзлаган академик Аҳмадали Асқаров: “Педагог олимнинг инсоний фазилатлари қаторида, қуйидаги учта сифат, албатта, бўлиши керак. Биринчидан, адолатлилик: ўқитувчи барча талабаларга бирдек муносабатда бўлиши лозим. Иккинчидан, ўз мутахассислиги бўйича чуқур билимга эга бўлиши ва уни талабаларга етказиб бера олиш маҳорати. Учинчидан, профессор-ўқитувчи нафснинг барча кўринишларидан холи бўлиши лозим. Эркин Юсуповда юқоридаги учта сифат мужассам эди ва биз шогирдлар устозимизни ҳурмат қилардик, устозимиз каби бўлишга ҳаракат қилар эдик”, – дея Эркин Юсупов билан биргаликдаги фаолияти давомида кечган кўплаб хотираларни ёдга олди.
Тошкент шаҳар Ёшлар кенгаши биносида мазкур тадбир доирасида ташкил қилинган кўргазма иштирокчиларнинг диққатини тортди. Кўргазма академик Эркин Юсуповнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирган суратлар ҳамда олим ижодига мансуб асарлардан иборат.

ЭРКИН ЮСУПОВНИНГ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ




Эркин Юсупов 1929 йил 15 мартда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.
1951 йил Тошкент Давлат университетининг Филология факультети психология ва логика бўлимини тугатди.
1951-1954 йиллар Н.К.Крупская номли Москва вилояти Педагогика институтининг фалсафа кафедраси аспирантурасида ўқиди.
1954 йил номзодлик, 1965 йилда эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 
Эркин Юсупов 1955-1958 йилларда Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институти фалсафа кафедраси доценти, 1958-1972 йиллар давомида Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институти фалсафа кафедраси мудири, 1972-1979 йилларда Ўзбекистон КП МК қошидаги Партия тарихи институти директори лавозимида фаолият юритди.
Эркин Юсупов 1965-1981 йиллар давомида Тошкент вилояти “Билим” жамиятининг раиси, Бутуниттифоқ “Билим” жамияти ташкилотининг аъзоси сифатида фаолият кўрсатди. Эркин Юсупов ташвиқот ишларидаги фаоллиги учун С.И.Вавилов номидаги медаль билан тақдирланган. 1979 йил Ўзбекистонда хиз  мат кўрсатган фан арбоби унвонига сазовор бўлди.
1982 йил Монголия Халқ Республикасининг “Найрамдол” медали билан мукофатланган.
–1974 йил – ЎзССР Фанлар Академияси мухбир аъзоси;
–1979 йил – ЎзССР Фанлар Академияси академиги;
–1979 йилда ЎзССР ФА вице-президенти;.
–1987 йилдан СССР ФА мухбир аъзолигига ва СССР ФА академиклигига сайланди.
–1989-1992 йиллар В.И.Ленин номли Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ректори лавозимида самарали фаолият юритди.
–1998 йилда Аҳмад Яссавий номли Халқаро гуманитар тадқиқотлар маркази (Анқара) мухбир аъзоси этиб сайланди.



Эркин Юсупов илмий-педагогик фаолият билан бирга, жуда катта ижтимоий, жамоат ишларини ҳам олиб борган. Собиқ СССР даврида етакчи сифатида обрўли мансабларда фаолият юритиб, ҳалқ манфатлари йўлида тинмай меҳнат қилди. Эркин Юсупов СССР халқ депутати ва СССР Олий совети аъзоси сифатида фаолият кўрсатар экан, Ўзбекистон халқи манфаатларини доимо муносиб ҳимоя қилиб борди.
Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб фалсафа илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшга  н забардаст олим Эркин Юсупов бутун ҳаёт йўли давомида илмпарварлиги, илм ва дўст-биродарларга содиқлиги, ҳақиқатпарварлиги, ватанпарварлиги, ғамхўрлиги билан эл ҳурматига сазовор бўлган устозлардан бири, заҳматкаш олим ва ўзбек фалсафасининг ривожига асос солган маърифат  парвар инсонлардан бири бўлган.
Эркин Юсупов собиқ совет тузуми давридаги нафақат ҳаёт қийинчиликларини, балки фалсафий таълимот, айниқса, ўзбек фалсафаси соҳасидаги қийинчиликларни тотиб кўрган, уларни сабр-тоқат билан енга олган, меҳнатсевар, ўз ёрдамини бошқалардан сира аямайдиган, ҳалол, мулоҳазали забардаст олим эди.



Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг ўз ҳаёти давомида амалга оширган ибратли ишлари билан белгиланади. Шу маънода, Эркин Юсуповнинг бутун умри она Ватанга, унинг истиқболи учун, илм-фан (хусусан, фалсафа фани) ривожи учун бўлажак ёш файласуфлар ҳамда ёш авлод таълим-тарбиясига бағшида бўлди. 
Ҳаётий тажриба, юқори ички маънавият, ўзбек халқига хос олийжаноб инсоний фазилатларни ўзида жам этган академик узоқ ва самарали ҳаёт йўлини босиб ўтиб, ижтимоий фанлар, айниқса фалсафа соҳасида бир қанча асарлар ёзиб қолдирди. Фалсафа соҳасидаги ўқув қўлланмалари ва илмий асарлари ёш мутахассислар учун ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Эркин Юсупов АҚШ, Бельгия, Германия, Венгрия, Италия, Жазоир, Туркия, Хиндистон, Покистон, Мўғулистон сингари мамлакатларнинг университетларида, илмий муассасаларида фалсафа, маданият тарихи ва назарияси, миллий муносабатларга оид муаммолар бўйича маърузалар қилган.
 Эркин Юсупов томонидан 500 га яқин монография, рисола, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, илмий ва илмий-оммабоп мақолалар нашр этилган. 30 дан ортиқ асарлари хорижий тилларга таржима қилинган.
Эркин Юсупов илмий-педагогик фаолияти жараёнида фалсафанинг бир неча ўнлаб йўналишида фан номзодлари ва докторликка даъвогарларнинг диссертацияларига раҳбарлик қилиб, фалсафа соҳасида кадрлар тайёрлаш ишига ўз ҳиссасини қўшди. Хусусан, Эркин Юсупов раҳбарлиги остида 8 та фан доктори, 74 та аспирант ва тадқиқотчилар фан номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқладилар. Ҳозирда улар Ўзбекистонда, қўшни давлатларда ва олис хорижий мамлакатларда хизмат қилмоқдалар.
Эркин Юсупов 2003 йил 5 августда бу дунёни тарк этди. Эркин Юсуповни жуда кўп олимлар, маҳалла, республиканинг фаол инсонлари охирги йўлга кузатдилар.



Эркин Юсупов амалга оширган ишлар халқ қалбида ва келажак олимлари асарларида абадий қолади. Файласуф олим, ажойиб инсон, меҳрибон устоз академик Эркин Юсуповнинг порлоқ хотираси университет меҳнат жамоаси, уни ишларини давом эттирувчи шогирдлар хотирасида мангу яшайди.

Сайфулла АШИРОВ,
ЎзМУ Матбуот котиби


Академик Эркин Юсуповни хотирлаб, таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатидан


ФОТОЛАВҲАЛАР

























Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari