Ҳар кунимиз Наврўз бўлажак


Юртимизга баҳор сепини ёйган кунларданоқ Ҳазрат Мир Алишер Навоий
бобомизнинг бетакрор сатрлари ёдга тушаверади:
Ҳар тунинг қадр ўлубон,
Ҳар кунинг бўлсин Наврўз.




Улуғ шоиримиз тилакларига монанд “Ёшлик” шаҳарчасини Наврўз руҳияти ҳеч қачон тарк этмаётгандек туюлаверади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари истиқомат қиладиган турар-жойлар бугун байрамона безатилган. Эрта тонгдан бу гўшада Наврўз сайллари бошланиб кетди.



Ҳар бир факультет жамоаси ўз “саҳна”ларини юртимиз вилоятлари, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳри манзараларига монанд равишда безагани киши қалбига ўзгача руҳ бахш этса, истеъдодли талабаларнинг ҳар бир бадиий чиқиши дилига кўтаринкилик олиб киради.



– 21 март куни азим пойтахтимиз марказидаги “Ҳумо” кошонасида бўлиб ўтган Наврўз байрамини ва унда Президентимизнинг табрик сўзини бутун халқимиз катта қизиқиш билан кузатди,– дейди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов. – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимизни қамраб олган халқ сайилларида “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” деган эзгу тилаклар янграмоқда. Ҳақиқатан ҳам, Наврўз ўзининг буюк қудрати билан табиатни уйғотмоқда. Ислоҳотлар эса жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини уйғотмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга – ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилгани яхши маълум. Биз ҳар кунимиз Наврўз эканини азиз талабаларимизнинг гулгун чеҳраларида кўрамиз. Истеъдодли талабаларимиз пухта илм олиш билан бир қаторда амалиёт сирларини пухта эгалламоқда. Яқинда бир гуруҳ ташаббускор талабаларимиз Оролбўйида 2 гектар майдонда ЎзМУ боғининг тамал тошини қўйиб келди. Бу заминга ўтқазилган турли дарахт кўчатлари бир кун кўкка бўй чўзиб, боғу-бўстонга айланса нур устига аъло нур бўлар эди.



Байрамга ҳар бир факультет талабаларининг бадиий чиқишлари ўзгача шукуҳ бахш этмоқда. Таэквондо ва спорт фаолияти факультети талабалари Хоразм вилояти манзараларини юксак дид билан саҳналаштирган. Истеъдодли талабалар саҳнада аввало спортнинг бир неча турлари бўйича “беллашгани”ни барчани ҳаяжонга солса, лазгига рақс тушишлари бир олам завқ беради.



– “Ёшлик” шаҳарчасини афсонавий жаннатга қиёс этгим келади,– дейди байрамга ташриф буюрган ҳиндистонлик меҳмон Тивари Ашок Кумар.– Ўзбек ва ҳинд халқлари адабиёти, санъати, маданиятлари қанчалик уйғунлигини шу талабаларнинг рақслари ва бошқа бадиий чиқишларида ҳам кўриш мумкин. Бу икки буюк халқнинг тарихий илдизлари туташлигидан ҳам далолатдир.
Куй авжига чиққан маҳал жаноб Кумар талабалар билан рақсга тушганида дўстлик ришталаримиз қанчалик мустаҳкамлигини яна бир бора дилдан ҳис этасан.



Талабаларнинг келин салом маросими ва бошқа урф-одатларимизни қанчалик маҳорат билан саҳналаштирганлари давраларга янада файз киритди.
Арқон тортиш ва бошқа спорт мусобақалари, ёш рассомлар чизаётган ранг-баранг расмлар байрамга ўзгача руҳ бағишлайди.



Наврўз байрами замирида халқимиз тарихи, фалсафаси, қадриятлари ўз ифодасини топган. Наврўзда – тун билан кун тенг келади. Бобокалонларимиз, айнан мана шу куни самовий жисмлар ҳаракатида улкан бурилиш ясалади, табиатда жонланиш юз беради деб, уқтириб келган. Замонавий илм-фан бу қарашлар, бу ҳаётий билим мукаммал даражадаги аниқликка эга эканлигидан ҳамон ҳайратга тушмоқда. Қадимда Наврўз кенг дала қирлар, тоғлар, боғлар қўйнида бутун элу улус билан биргаликда нишонланган. Бугун ана шу қадриятга айланган анъаналарни ўзимизнинг “Ёшлик” шаҳарчасида кўриб, унинг жозибаси ва тароватини ҳис этишнинг гашти ўзгача.
Наврўз – янги кун экан, демак, бу ондан эътиборан яна янги-янги орзулар, эзгу тилаклар ижобат бўлаверади.

Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ газетаси мухбири

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari