Экология ва атроф муҳит муҳофазаси

Экология ва атроф муҳит муҳофазаси

ҲАЁТИМИЗ ГУЛШАНИ БИОСФЕРА БАРҚАРОРЛИГИНИ АСРАШДА ЭКОЛОГИК ИЛМ ВА ТАЪЛИМ ДАСТУРИ АМАЛДИР

 

Эволюциянинг турли даврларида-ибтидоий, аграр, индустриал, техноген ва ноосфера босқичларида табиатда салбий анропоген таъсир ортиб бориши натижасида кўплаб экологик муаммолар келиб чиқиб, умумий табиий уйимиз биосферага чексиз зарар келтирмоқда. Шуни инобатга олиб, экологиянинг ҳозирги вақтдаги вазифаси қийинлашиб бораётган муҳитда тирикликнинг яшашига ёрдам беришдир. Шуни таъкидлаш мумкинки, ҳаёт гулшанимиз биосферани мусаффолигини сақлаб, кейинги авлодга қолдиришдан долзарброқ масала бўлмаслиги муайяндир.

Турли антропоген омилларнинг салбий таъсири натижасида табиатга кучли зарар келтирилмоқда. Аммо, экологик қонунларни билмасдан туриб антропоген омиллар таъсирини ўрганиш бу: Менделеев таблицасиз химияни ўрганиш ва физикани бутун олам тортилиш кучидан бошлаб Эйнштейннинг нисбийлик назариясигача билмаслик билан баробардир.

Экологиянинг асосий қонунлари:

Табиатда-биосферада бирор жойида салбий таъсир вужудга келса, у бутун биосферага тарқалади, табиатда чиқиндилар бўлмайди-чиқиндисиз ишлаб чиқаришга эришиш керак;

Ҳамма нарса учун тўлаш керак;

Табиат устидан ҳукмронлик қилмасдан у билан ҳамкорлик қилиш керак.

ЎзМУ Биология факультетида 1990 йилдан бошлаб Эколог мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Гидробиология ва Ихтиология кафедраси Экология ва Ихтиология кафедраси деб номланди. Бу кафедрада балиқ хўжалиги учун гидробиологлар, экологлар ва ихтиолог мутахассислари тайёрланди. 1995 йилда Экология ва Ихтиология кафедраси негизида, “Юксак ўсимликлар ва экология” кафедрасининг Экология бўлими, “Умумий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” ва Тупроқ экологияси йўналишларини бирлаштириш асосида Экология кафедраси ташкил қилинди.

Ҳозирги вақтда Экология кафедрасида 5630100-Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси таълим йўналиши бўйича кундузги, сирқи ҳамда махсус сиртқи таълим йўналиши, 5А630102-Экология (тармоқлар ва соҳалар бўйича) магистратура мутахассислиги ва 03.00.10-Экология  шифри бўйича таянч докторантурада эколог кадрлар тайёрланмоқда. Кафедрада ҳозирги вақтда профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти қуйидагича:

1 нафар академик (Озиқ-овқат ҳавфсизлиги бўйича), 4 нафар фан доктори, профессорлар, 10 нафар фан номзоди, доцентлар, 1та катта ўқитувчи фаолияти кўрсатмоқда.

Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан олий ўқув юртларида, умумий ўрта мактабларда, лицей, коллеж ва бошқа таълим муассасаларида экологик таълим ва тарбия, экологик маданият, экологик муаммолар бўйича доимий давра суҳбатлари ҳамда семинарлар олиб борилмоқда.

Телекўрсатувларда ва радио эшиттиришларида Экологик муаммолар ва уларни олдини олиш масалаларига бағишланган маърузалар, дебатларда фаол қатнашиб келишмоқда.

Кафедрамиз профессори, б.ф.д. Т. Рахимова томонидан “Юксак маънавиятли ва экологик маданиятли шахс модели” ишлаб чиқилган.



Атроф–муҳит ва табиат мусаффоли инсон саломатлигининг асоси бўлиб, уни тозалигини сақлаш учун экологик билим, юксак маданият ҳар бир шахсда мужассам бўлиши керак. Ушбу моделда табиатга ижобий муносабат, уни авайлаб асраш ва у билан ҳамкорлик қилиш зарурлиги, экологик маданиятни шакллантиришнинг муҳимлиги кўрсатилган.

Экология кафедрасининг илмий йўналишлари:

-Тизимли таҳлил асосида ўсимликларнинг қурғоқчиликка, шўрланишга ва саноат чиқиндиларига чидамлилигини асослаш, чўлланиш жараёнини олдини олиш;

-Орол ва Орол бўйи муаммоларини ечиш мақсадида Мўйноқ ҳудудида илмий тажриба майдонида ушбу муҳитда мослашган ўсимликларни илмий асослаш (каноп, бўригул турлари, седум ва бошқалар);

-Эфир мойли, шифобахш, истиқболли турларни маданийлаштиришнинг илмий асосларини яратиш ва амалиётга тавсиялар бериш;

-Шаҳар экотизимини оптимизация қилиш мақсадида саноат корхоналари атрофида санитар зона ташкил қилишда фойдаланиш учун истиқболли манзара берувчи ва ҳавони чиқиндилардан тозаловчи ўсимликларни ўрганиш (Олмалиқ-кон металлургия комбинати атрофидаги ўсимликларни назорат ва тажриба майдонларида ўсишини инобатга олиб биологик-анатомик мослашувларини таққослаш ва амалиётда тавсия бериш, Тошкент шаҳри шароитида серқатнов автомагистраллар атрофида ва саноат корхоналари атрофида атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш мақсадида тавсия берадиган турларини аниқлаш:

Шуни таъкидлаш керакки, биосферада барқарорлигини таъминлашда турли таълим мутахассислари экологик билимли бўлишлари ва экологик муаммоларни ечиш йўлларини билибгина қолмай, уни келиб чиқиш сабабларини билган ҳолда олдини олишга қаратилган экологик билимга эга бўлишлари зарур. Шу сабабли узлуксиз экологик таълимни ривожлантириш билан бир қаторда Олий таълим муассасаларининг турли йўналишлардаги мутахассисларни тайёрлашда экология фани ўқитилиши керак.

 

ЎзМУ Экология кафедраси мудири Р. Аллабердиев

ЎзМУ Экология кафедраси профессори,б.ф.д. Т. Рахимова


Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura