"ЎзМУ хабарлари" илмий журнали

2019 - 1.1-coни

2019 - 3.1-coни

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Миллий университети муассислигидаги “ЎзМУ хабарлари” илмий журнали 1997 йилдан буён бир йилда тўрт марта 2014 йилдан йилига ўн марта чоп этилади. Журнал белгиланган графикка мувофиқ Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналиши бўйича бир йилда 6 та, аниқ фанлар йўналиши бўйича бир йилда 2 та, Табиий фанлар йўналиши бўйича бир йилда 2 та сонлари чоп этилади. Шартли босма табоғи 38-40. Адади 100-120 нусхани ташкил қилади. Мақолалар ўзбек, рус, инглиз тилларида берилади. “ЎзМУ хабарлари” журналининг Низоми Ўзбекистон Миллий университети кенгашида 2007 йил 5 февралда қабул қилинган.

Журнал 2014 йил 26 мартда Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот агентлиги томонидан қайта рўйхатдан ўтган. Журнал физика-математика, кимё, биология, геология-минералогия, қишлоқ хўжалиги, тарих, фалсафа, филология, география, педагогика, психология, социология фанлари фан доктори илмий даражасига талабгорларнинг диссертация ишлари илмий натижалари юзасидан илмий мақолалар эълон қилиниши зарур бўлган барча йўналишлар бўйича нашрлар рўйхатига киритилган. ISSN 2181-7324 рақамли халқаро сертификатини олган. Оммавий ахборот воситаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси рақами – № 02-0071. Обуна индекси – 752074.

Журналда илмий-тадқиқот ишларининг натижалари, ечимини кутаётган масалалар акс этган мақолалар, бошқа мамлакатлардаги фан ва техникага оид янгиликлар, университет ва бошқа ОТМларда ўтказиладиган конференциялар ва анжуманлар ҳақида ахборотлар, илмий хабарлар чоп этилади. Мақолаларда фаннинг долзарб муаммолари, ютуқ ва янгиликлари ҳамда бугун ҳал этилиши зарур бўлган масалалар қамраб олинади. 

 

ЖУРНАЛГА МАҚОЛАЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАЛАБЛАРИ

“ЎзМУ хабарлари” илмий журналига тақдим этиладиган илмий мақолаларга қўйиладиган асосий талаблар жаҳон андозалари ҳамда Ўзбекистонда яқиндан бери амал қилаётган PhD тадқиқотлари тизимидаги андозалардан келиб чиқади. 

 1. Муаллиф (ёки муаллифлар) томонидан тақдим этилаётган илмий мақола мавзуси “ЎзМУ хабарлари” илмий журналининг рукнларига мос келиши шарт.

2. Мақола халқаро андозалар талаби доирасидаги қуйидаги аниқ бандларга эга бўлиши лозим:

- Мақола мавзуси (Title)

Мақола мавзуси имкон қадар қисқа ва лўнда кўринишда шакллантирилган бўлиб, мақоланинг тадқиқот йўналишини аниқ ифода этиши лозим. У ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида тақдим этилиши керак.

- Мақола муаллифи тўғрисида маълумот (Author information)

Ушбу қисмда муаллифнинг исми-шарифи (отасининг исми билан), иш жойи ва лавозими, илмий даражаси ва унвони, электрон почта манзили  ва мулоқот телефонлари киритилади.

- Мақола аннотацияcи (Abstract)

Мақолаларнинг қисқача аннотацияси 10-12 қатордан ошмаган ҳолда ўзбек, рус ва инглиз тилларида берилади. Унда тадқиқот муаммоси, унинг долзарблиги, тадқиқот муаммосини очиб бериш учун қўлланилган методология, тадқиқот натижалари, мақоланинг тўла мазмунидан келиб чиққан ҳолда муаллифнинг илмий ва амалий ҳиссасининг қисқача баёни ёритилади.

- Калит сўзлар (Key words)

Калит сўзлар мақола мазмуни ва мақсадини энг қисқа мазмунда очиб берувчи калит сўзлар ҳисобланади. scholar.google.com ёки google.com қидирув тизимида мақола осон ва энг биринчи саҳифаларда топилиши учун таянч сўзларнинг ҳар бири асосий матн таркибида ўртача 6-8 марта такрорланиши тавсия этилади.

- Кириш (Introduction)

Кириш қисмида асосан тадқиқот муаммоси, унинг мақсад ва вазифалари ёритилади. Мазкур қисм тадқиқот мавзусининг танланиш асоси, унинг долзарблиги ва илмий аҳамиятини тушунтириб беради (ушбу қисмда Президент асарлари ва маърузаларига мурожаат қилиниши лозим).

- Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили (Literature review)

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили тадқиқ этилаётган муаммо юзасидан муаллифнинг билим ва тасаввурларга эга эканини намоён этувчи қисм ҳисобланади. Адабиётлар таҳлили мавжуд интеллектуал ҳудуд доирасини баҳолаш ва шу асосда маълум харита яратишни англатади. Адабиётларнинг танқидий таҳлилидаги уринишлар мазкур мавзу доирасидаги билимларни кучайтиради ва тадқиқот саволларини янада ойдинлаштиришга ёрдам беради. Ўз мазмунига кўра ҳар қандай тадқиқот айни шу соҳада яратилган аввалги билимлар негизида қурилади. Адабиётлар бўйича таҳлил асосан соҳадаги энг янги журнал мақолалари ва бошқа турдаги маълумот манбалари асосида амалга ошади (мавзуга оид мақолаларни калит сўзлар ёрдамида www.scholar.google.com қидирув тизимидан топиш мумкин).

- Тадқиқот методологияси (Research Methodology)

Тадқиқот методологияси тадқиқотнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлиб, у ўтказилаётган тадқиқотнинг умумий харитаси, тадқиқот йўли ва манзилга (натижага) олиб борувчи харитавий чизгилари ҳисобланади. Тадқиқот методологияси тадқиқот фалсафаси ва йўналишини (дедукцион ёки индукцион) белгилаш, тадқиқот дизайни, яъни тадқиқот муаммосининг ечимига олиб борувчи бош режасини тузиш, тадқиқот учун зарур ахборотни олиш йўллари ва тадқиқот этикасини белгилаш, тадқиқот объектининг танлови (sampling), бирламчи ёки иккиламчи маълумот манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар, тадқиқот стратегиясини (кузатиш, эксперимент, кейс-cтади, саволнома, этнографик, архив тадқиқот ва ҳ.к.) аниқлаш бўйича рационал қарор қабул қилиш асосида қўйилган муаммонинг аниқ ечимига олиб чиқувчи йўлни белгилашни англатади. Методология қисмининг мукаммаллиги тадқиқот учун белгиланган йўлнинг ишончлилиги (reliability) ва aниқлилигини (validity) асослаш орқали намоён бўлади.

- Таҳлил ва натижалар (Analysis аnd results)

Тадқиқотнинг таҳлил қисми тадқиқот методологиясида аввалдан белгилаб олинган таҳлил усуллари (математик моделлар ва бошқалар) орқали йиғилган маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади. Бунда фақатгина таҳлил усулининг натижалари ифода этилади; топилган натижалар бўйича муҳокама мақоланинг кейинги қисмининг вазифаси ҳисобланади.

Хулоса ва таклифлар (Conclusion/Recommendations)

Тадқиқотнинг мақсад, вазифаларининг англашилганлиги ҳамда тадқиқот саволларининг ўз жавобини топганлиги, тадқиқотнинг асосий натижаларига ва тадқиқотнинг умумий жараёнига умумий хулосалар, шу билан бирга, таклифлар ва айни тадқиқотдан келиб чиққан ҳолда келажак тадқиқотиши йўналишлари мақола хулоса ва таклифлари қисмининг асосини ташкил этиши лозим.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати (References)

Ушбуқисмдатадқиқотдафойдаланилганбарчаадабиётларнингрўйхати [1], [2] ёки [3] кетма-кетлигидақўйилади:

·  муаллифлар исми-шарифи, китоб номи, нашр манзили нашриёт номи, йили, бетлари;

·  муаллифлар исми-шарифи, мақола номи, журнал номи, нашри, йили, сони, бетлари

3. Мақола матни шрифти “Times New Roman”да, 14 кирилл ёки лотин алфавитида бўлиб, қаторлар оралиқлари масофаси 1.5 интервалда бўлиши лозим. Мақола матни саҳифасининг барча (ўнг, чап, юқори ва қуйи) томонидан 2 сантиметрдан иборат масофа қолдирилади. Мақоланинг максимал ҳажми 10 бетдан ошмаслиги, минимал ҳажми эса 7 бетдан кам бўлмаслиги ҳамда фойдаланилган адабиётлар сони камида 10-15 манбадан иборат бўлиши лозим.

4. Мақолада албатта жадвал, чизма ёки расмлар бўлиши шарт. Жадвал номлари унинг юқори қисмида, чизма ёки расм номлари уларнинг қуйи қисмида ёзилиши ҳамда уларнинг манбаси аниқ кўрсатилиши лозим. Мақолада жадвал, чизма ва расмларнинг берилиши мақола сифатини оширувчи манба бўлиб хизмат қилади.

5. Мақолалар ўзбек, рус, ёки инглиз тилларида тақдим этилиши мумкин.

6. Ўзбек тилидаги ў, ғ, қ, ҳ каби ҳарфлар илмий мақола матнида гаплар таркибида тўлиқ ёзилиши шарт. Акс ҳолда илмий мақола таҳририят томонидан кўриб чиқилмайди.

7. Юборилган мақолаларнинг барчаси “Антиплагиат” тизимида текширилади. 

Журнал манзили:Тошкент 700174, Талабалар шаҳарчаси – 174, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети бош бино 11-қават, 120 хона. 

Журнал электрон почта манзили: uzmu.xabarlari@gmail.com

Телеграм канали:https://t.me/uzmuxabarlari

Телефон номер: +998712271035, +998903232011

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura