Савол-жавоб

Савол: Кириш тест синовлари қачон ўтказилади?

Жавоб: Тест синовлари карантин чекловлари тугагандан сўнг 1-августдан бошланиши белгиланмоқда. Карантин чекловлари давом этган тақдирда тест синовларини ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Савол: Жорий йилда рўйхатдан ўтиш жараёни қандай бўлади?

Жавоб: Рўйхатдан ўтиш Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда жорий йилдан бошлаб ишга туширилган Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн тартибда амалга оширилади.
Aбитурийентга Давлат тест марказининг расмий abitur.dtm.uz сайти орқали уйидан чиқмаган ҳолда мобил телефон иловаси ёки компютер ёрдамида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.

Савол: 2020-йил қабулида она тили ва адабиёт фани бўйича тест топшириқларида қандай янгиликлар жорий этилади?

Жавоб: Она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанидан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпаяди. Матнли тест топшириқлари тузилмоқда. 
Матн таркибидаги сўзларнинг тўғри қўлланганлиги, гапларнинг тўғри шакллантирилганлигини аниқлаш, матндаги сўзларнинг маъносини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушунишга ёрдам берувчи тест топшириқлари шакллантирилади.

Савол: Тест синовлари натижаларини эълон қилиш, унинг манбаларида ўзгаришлар борми?

Жавоб: Ўзгаришлар йўқ. Натижалар тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий www.dtm.uz веб-сайтида эълон қилинади.
Натижаларни абитуриент ўзининг шахсий кабинети орқали билиши мумкин. 

Савол: Бешта таълим йўналишини танлашда таълим шакллари ва таълим тилларини ҳар хил танласа бўладими?

Жавоб: Таълим йўналишлари бир хил таълим шакли доирасида ва бир хил таълим тили доирасида танланиши шарт. 

Савол: Aбитуриентларга тест синови топшириладиган умумтаълим фанлари доирасида қандай ёрдам берилиши кўзда тутилмоқда?

Жавоб: Тарих, география, кимё, биология, она тили ва адабиёт, инглиз тили, немис тили, француз тили, физика, математика фанларидан расмли, харитали, жадвалли тест топшириқлари сони оширилади. Энг осон (1-қийинлик даражасидаги) саволлар сони 6 тадан ўртача 9-10 тагача кўпайтирилади. Бу қийин (3-қийинлик даражасидаги) саволларни қисқартириш эвазига амалга оширилади. Физика фанидан “Доимий физик катталиклар жадвали” тузилди ва у тест топшириш жараёнида абитуриентга тақдим этилади. Кимё, биология фанларидан назарий ва лаборатория ишларига оид тест топшириқлари сони кўпайтирилади.
Она тили ва адабиёт фанидан ўқишга тавсия этилган бадиий адабиётлар сони оширилди. Улардан тузиладиган тест топшириқлари бадиий адабиётлардан дарсликларда келтирилган парчалардан эмас, балки тўлиқ асарлардан шакллантирилади.

Савол: Давлат тест марказида чет тилларидан бошқа умумтаълим фанларидан баҳолашнинг миллий тест тизими жорий қилиниши керак эди. Улар йўлга қўйилдими?

Жавоб: Она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ) ва математика фанларидан баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш ишлари жорий йилнинг охирига бориб тугайди ва улардан миллий сертификат бериш йўлга қўйилади. Кейинги йиллардан бошлаб қолган фанлардан босқичма-босқич жорий этилади. 

Савол: Нималарга асосан тест топшириқларининг 3та қийинлик даражаси дейилади? Уларнинг фарқлари ва тест синовида ишлатиш миқдори қандай?

Жавоб: Тест топшириғи учта қийинлик даражаси асосида тузилади:
1-қийинлик даража – абитуриентнинг хотирлаш қобилиятини аниқловчи, фанга оид у қадар мураккаб бўлмаган бир неча атама, ҳодиса, қоида ёки қонуниятни билишни талаб қилувчи даража;
2-қийинлик даража – абитуриентдан таҳлил қила олиш ва мантиқий фикрлашни, фанга оид икки-уч атама, ҳодиса, қоида ёки қонуниятни бир вақтда қўллай билишни талаб қилувчи даража;
3-қийинлик даража – абитуриентнинг тўғри жавобни топиш учун зарур бўлган уч ва ундан ортиқ атама, ҳодиса, қоида ва қонуниятларни бир-бирига боғлаб ишлата олиш қобилиятини, шунингдек, мантиқий фикрлашни талаб қилувчи даража.
Умумтаълим фанларининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир вариантнинг тест топшириқлари таркибида 1-қийинлик даражадаги тест топшириқлари ўртача 30-40%, 2-қийинлик даражадаги тест топшириқлари ўртача 50-60%, 3-қийинлик даражадаги тест топшириқлари ўртача 15-25% дан иборат бўлади.

Савол: Ҳарбий тавсияномалардан бу йил ҳам фойдаланса бўладими?

Жавоб: Тавсияномалар улар берилган санадан бошлаб, уч йил мобайнида амал қилади.

Савол: Бакалавриат таълим йўналиши учун ОТМларга кириш имтиҳонларида чет тили бўйича тест топшириқлари даражаси қандай бўлади?

Жавоб: ОТМ кириш тест синовларида чет тили фанидан Б1 даражадаги тест топшириқлари берилади.

Савол: CEFR имтиҳонини онлайн тарзда топширса бўладими?

Жавоб: Ҳозирги кунда CEFR имтиҳонини онлайн тарзда топшириш имконияти йўқ, Давлат тест марказида тест синовларини компютерда локал тармоқ орқали топшириш мумкин.

Савол: Карантин чекловлари муносабати билан IELTS онлайн тарзда махсус "IELTS индикатор" тестларини ташкил этди. Давлат олий таълим муассасаларига киришда "IELTS индикатор" сертификати анъанавий тестлар каби имтиёзга эгами?

Жавоб: Йўқ. IELTS индикатор" сертификати абитуриентга давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга киришда имтиёз бермайди ва чет тили фани бўйича тест синовидан озод қилмайди. “IELTS индикатор” Вазирлар Маҳкамасининг 2019- йил 13-майдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 395-сон қарорида имтиёз тақдим етувчи сертификат сифатида қайд етилмаган.

Савол: Тест топшириқлари фақат рўйхати тасдиқланган дарсликлардан тузиладими ёки қўшимча дарсликлардан ҳам фойдаланиладими?

Жавоб: Тест топшириқлари фақат рўйхати тасдиқланган ва эълон қилинган дарсликлардан тузилади. Рўйхатга киритилмаган манбалардан фойдаланилмайди.

Савол: Мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун тест топшириқлари умумий, бир хил дарсликлардан шакллантириладими.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 25-июлдаги фармойишида умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари учун умумтаълим фанлари бўйича умумий ўқув дастурлари ишлаб чиқилиши белгиланган. Тест саволлари умумий ўқув дастуриларга асосан тавсия қилинган дарсликлардан тузилади. Бундан ташқари ўқувчилар учун мустақил ўқишга тавсия этилган бадиий адабиётлар асосида ҳам саволлар шакллантирилади.

Савол: Aгар бу йилги тест синовларида фанлар қисқарса, жавоблар варақаси ҳам ўзгарадими? Ўзгарган варианти билан қайердан танишсам бўлади?

Жавоб: Жорий йилда иккита фандан тест синовлари ўтиши муносабати билан жавоблар варақаси шакли ўзгаради. Янги шаклдаги жавоблар варақаси, уни тўлдириш қоидалари билан Давлат тест марказининг расмий dtm.uz веб-сайти, телеграм каналлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали танишиш мумкин. 
Яна бир манба – “Жавоблар варақаси билан ишлаш учун қўлланма” видеоролиги тайёрланган бўлиб, у телеканаллар орқали кўрсатиб борилади.
 
Савол: Мен ногиронман. Тест синови топшириш жараёнида ногиронларга алоҳида хизмат кўрсатиш тизими мавжудми?

Жавоб: Ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида хизмат кўрсатиш тизими бўлмаса-да, кириш тест синовлари ўтказиладиган бино ва павилионларда ногиронлиги бўлган шахсларга тест материаллари билан ишлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Шу жумладан, тест синовларини ўтказишда иштирок этаётган барча вазирлик ва ташкилотлар ходимлари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга тест материаллари билан ишлашдан ташқари, ҳаракатланиш билан боғлиқ барча ҳолларда амалий ёрдам кўрсатилади. 

Савол: Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари жараёнлари онлайн бериб бориладими?

Жавоб: Барча биноларда тест синовлари жараёнларини test2020.uz сайти ва махсус телеканал орқали онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади. Пандемия шароитида ота-оналарнинг абитуриентлар билан биноларга келиши, бир жойга тўпланишига ҳожат қолмайди.

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura