ЎзМУ олимлари Россия Фанлар Академияси медалига сазовор бўлди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги,  Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори Жўрақул Сатторов ва профессор Лазиза Ғафурова Россия Фанлар Академиясининг “К. А. Тимирязев” медалига сазовор бўлдилар.  Қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларини ривожланишига катта ҳисса қўшган ва фандаги ютуқлари билан алоҳида ажралиб турадиган олимларга бериладиган мазкур медални Россия фанлар Академияси вакиллари ЎзМУга ташриф буюриб,  шахсан топширди.


Ж.Сатторов Ўзбекистон агрокимёси йўналишида минерал ўғитлар самарадорлигини кўтариш бўйича бир қатор муаммоларни ечган олим. У ўғит қўллашда биринчи бўлиб қишлоқ хўжалиги экинлари навлари генотипик хусусиятларини ҳисобга олиш кераклигини илмий асосланган ва ўғит йиллик меъёрини аниқлаш бўйича тавсия ишлаб чиққан. Олим Ўзбекистон чўл зонасининг суғориладиган тупроқларида кузги буғдой етиштиришда ўғит бериш тизимини ишлаб чиқди. Уни Навоий вилояти Қизилтепа туманида синаб кўрилганда гектаридан олинадиган ҳосил 11-14 ц/га гача ошади. Ўсимлик кимёвий таркиби ва ҳосил ўртасида боғлиқлик топилиб, тупроқда юқори ҳосил шакллантирадиган озиқ муҳити яратиш мумкинлиги илмий асосланди, тупроқ эритмасини экиладиган қишлоқ хўжалик экинининг тури, навни озиқланишига мослаштириш усули ишлаб чиқилди. 

Л.Ғафурова Республикада тупроқшунослик бўйича биринчи тупроқшунос-аёл фан доктори. У нафақат таниқли олима, тадқиқотчи, педагог, балки Ўзбекистон тупроқшунослик илмини, аграр фани ютуқларини фаол оммалаштирувчиси ҳамдир. Лазиза Ғафурованинг асосий тадқиқотларида Ўзбекистоннинг турли тупроқ – иқлим шароитларда тупроқлар генезиси, эволюцияси, географик тарқалиши, классификацияси, агрохимик, физик, физик-химик, биологик хоссаларини ўрганган хамда тупроқ унумдорлигини оширишда янги экологик соф ресурстежамкор агробиотехнологиялар тавсия этган ҳамда фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларида тарғибот, ташвиқот, илмий тавсияномалар татбиқ қилиш ишлари олиб бормоқда. Олима Докучаев номидаги тупроқшунослар жамияти Марказий Кенгаши, Халқаро тупроқшунослар жамияти, Халқаро аграр соҳаси олимлари уюшмаси аъзоси ҳамда Халқаро Экология академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги)дир. Л.Ғафурова “Олима” аёллар Республика уюшмаси бошқаруви аъзоси.

                                                                                                                                                       Инобат Аҳатова, ЎзА
Mанба:uza.uz
Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura