Ўзбек Мародонаси – Одил Ахмедов ЎзМУда футбол академияси очди

  Бугун мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Юртимиз вакилларининг Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва спорт салоҳияти янада ошаётгани, республикамиз ҳудудларида жаҳон андозаларига мос муҳташам спорт иншоотлари барпо этилаётгани, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида уч босқичдан иборат "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва “Универсиада” спорт ўйинлари оммалашиб бораётгани айниқса эътиборлидир.

Хабарингиз бор 2020 йил 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармон имзоланган эди. Мазкур хужжатга асосан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда — юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгилаб берилди.

Мамлакат рахбарининг Фармонига лаббай дея жавоб берган ЎзМУ ректори, профессор Авазжон Мараҳимовнинг ташаббуси билан эндиликда Ўзбекистон Миллий университетида   футбол мухлислари тилида ўзбек Мародонаси дея ном олган “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони соҳиби, Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори, «Shanghai International Port Group» (SIPG) клуби ўйинчиси Одил Ахмедовнинг футбол академияси ўз фаолиятини бошлайди.Эслатиб ўтамиз, икки йил олдин Ахмедов ўзи туғилиб ўсган Наманганда Футбол академияси очган эди.

Бугун университет ҳаётида бошланаётган янги тарихий қадамни ташлаш ва унга расмий мақом бериш мақсадида Ўзбекистон Миллий университетига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибиятининг мудири Баходиржон Онорбоев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, ФИФА рефереси Равшан Эрматов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Юсуф Абсоатов, Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Ахмедов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азизбек Ҳайдаровлар ташриф буюришди.

Тадбир тантанали байрамона тус олди. Мехмонларни университетнинг турли факультетларида бугун тахсил олаётган талабаларимиз: спорт турлари бўйича 11 нафар жахон чемпионлари, 100 га яқин Осиё ва Халқаро мусобақалар ғолиблари кутиб олишди. Чинакам спорт байрамига айланиб кетган қарийб уч соат давом этган “Спортчи ва ёшлар” очиқ мулоқоти ҳам қизғин бахс-мунозара, таклиф ва мулохазаларга бой бўлди.

Англашув меморандуми олдидан сўзга чиққан спортчи  - “Мен учун академияни сифатли ривожлантириш жуда муҳим. Келажакда Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқишини ва унинг таркибида университетимиз тарбияланувчилари бўлишини истайман. Бу ҳар қандай пулдан ҳам қиммат туради. Асосийси, биз қобилиятли ўйинчиларга диққатни қаратмоқчимиз. Биласизми, ёш футболчилар учун асосийси – бу бор
куч-ғайратини аямайдиган устоз. Афсуски, ҳозир бундай устозлар кам. Бугунги кунда кўплаб тренерлар болаларга тўп бериб қўйиб, шу билан пул ишламоқда. Шунинг учун ҳам биз академияга тажрибали чет эллик мутахассиларни таклиф қилмоқчимиз. Чет эллик мутахассислар ўз тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўришади. Ундан ташқари бизнинг ҳам ёш мутахассларимиз бошқа мамлакатларга бориб тажриба орттиришлари мумкин. Менимча, шундай йўл билан керакли натижага эришишимиз мумкин, — дейди Одил Ахмедов.

Тадбир якунида талаба-ёшлар даврасида мамлакатимиздаги оммавий спорт тарғиботчиси ЎзМУ ректори, профессор Авазжон Мараҳимов ва Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори, «Shanghai International Port Group» (SIPG) клуби ўйинчиси Одил Ахмедовлар ўртасида 10 йилга мўлжалланган англашув меморандуми имзоланди.


















Равшан ОМОНОВ,

ЎзМУ Журналистика факультети

Ёшлар билан ишлаш бўйича

декан ўринбосари

 

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura