Назария ва амалиёт уйғунлиги – етук мутахассислар тайёрлашнинг муҳим омили

Бугун Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультетида “Oʼzbekinvest” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда суғурта бозори ва таълимининг бугунги ҳолати, муаммолари ва ривожланиш истиқболлари» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.


Конференцияда “Oʼzbekinvest” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Бош директорининг биринчи ўринбосари Рустам Халиков, суғурта мактаби директори Бахром Комилов, актуар ҳисоблар ва суғурта захираларини шакллантириш департаменти катта менежери Баҳодир Шамсиддинов ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Конференцияда Россия Федерацияси Ҳукумати қошидаги Молия университети профессори Александр Цыганов онлайн тарзда «Первые итоги пандемии на рынке страховых услуг» мавзусидаги онлайн маърузаси билан қатнашди.

Тадбирда олий ўқув муассасаси ҳамда суғурта компаниясининг ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 2 августдаги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори суғурта бозори фаолиятини ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлмоқда.

Маълумки, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультетининг “Oʼzbekinvest” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси билан 2019 йилда имзолаган меморандуми доирасида таълим муассасаси талаба-ёшлари компанияда амалиёт жараёнларини олиб боришди. Шунинг билан бир қаторда, билимли ва салоҳиятли битирувчи ёшлар компанияда ишлаш имкониятига ҳам эга бўлди.


Мазкур амалий ҳамкорликнинг давоми сифатида Иқтисодиёт факультетида Инновацион суғурта маркази ташкил этилди. Марказни очишдан асосий мақсад ҳам назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, марказда суғурта компаниясининг тажрибали мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ташкил этиш, суғурта фаолиятига оид янги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни таҳлил қилиш, суғурта компаниялари етакчи мутахассисларининг амалий тажрибалари билан талаба-ёшларни таништириш, уларнинг мазкур суғурта компанияларида амалиёт жараёнларини олиб боришлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш, шунинг билан бир қаторда, етук ва салоҳиятли, билимли битирувчи-ёшларни суғурта компанияларига ишга таклиф этиш имкониятини яратиш кўзда тутилган.



“Oʼzbekinvest” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг Суғурта мактаби директори Бахром Комиловнинг таъкидлашича, университет ҳамкорлигида тузиб олинган «Йўл харитаси» доирасида мазкур марказ фаолиятини ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди. Ўйлайманки, мазкур марказда талаба-ёшлар суғурта бозоридаги сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишади, бевосита аҳолининг суғурта маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшадиган мутахассис бўлишади.

Конференцияда суғурта бозорида фаолият кўрсатадиган замонавий ва салоҳиятли, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш борасида Иқтисоди ёт факультетининг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган назарий ишлар ҳақида маълумот берилди. 


ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura