КУЙ АВЖИДА УЗИЛМАСИН ТОР...

Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари “Адиблар хиёбони”да Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир ва адиб, ЎзМУнинг собиқ талабаси  Эркин Воҳидовнинг хайкали пойида  жам бўлишди.

Мазкур хиёбонга Эркин Вохидов сиймоси ўзгача сурат ва сийрат бахш этган. Шу ўринда икки оғиз ижодкор шахси хақида. Эркин Воҳидов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Шоир, тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.

- “Мустақиллик йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган бир қанча янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги публицистик мақолалари кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди”- дейди тадбир ташкилотчиси, ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Камолиддин Мирзаахмедов.

- “Бугунги тадбир Эркин Воҳидовнинг ижод гулшанидан бир кичик гулдаста холос. Чунки мамлакатимз Президенти таъкидлаганларидек, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоийга  эҳтиром кўрсатишимиз, ул олиймақом зот тимсолида муҳташам адабиётимиз намояндаларига қўйилган ҳайкалларлар қошида улуғ ижодкорлар билан юзма-юз туриб, эҳтиром кўрсатишимиз зарур. Биз ҳали Эркин Воҳидов ижод сирларини ўрганиб, чин маънода шоирнинг издошлари бўлишга ҳаракат қиламиз. Эркин Воҳидов ижоди бўйича докторлик ва магистрлик диссертациялари, битирув ва курс ишлари лойиҳалари тайёрлаб, Эркин Воҳидовшуносликка ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз” - дейди ЎзМУ Хорижий филология факультети талабаси Зайниддин Бўронов.

Маданий-маърифий тадбир доирасида ЎзМУ талабалари Эркин Воҳидов ижодига мансуб бўлган ижод сарчашмасининг булоғидаги тиниқ сувдан бахраманд этишди. 

Атоқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Эркин Воҳидовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura