Нобель совриндори Азиз Санжар: «Америкага Ўзбекистон байроғини олиб кетаман»


Ўзбекистон миллий университети раҳбариятининг расмий таклифига биноан Шимолий Каролина университети (АҚШ) Биокимё ва биофизика профессори, Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар 2018 йилнинг 15 октябр куни Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида туркиялик олим Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири, ЎзМУ ректори, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовлар билан учрашди.

16-17 октябрь кунлари Азиз Санжар Ўзбекистон Миллий университетида чиқиш қилди. Ўз нутқида олим Ўзбекистонни ўз ватани деб ҳисоблашини таъкидлади, аниқ ва табиий фанларга бўлган эътиборни кучайтириш лозимлигини қайд этди.

«Мен нафакат туркияликман, балки ўзбекистонлик туркман. Ўзбекистон менинг ҳам ватаним. Таклиф учун ташаккур. Мен қардошларимни кўришга келдим. Нобель мукофотини мен барча туркий халклар учун олдим. Бу мукофот барча туркий халқларники. Очиғи, бу нуфузли мукофотга сазовор бўлганимдан кейин мени дунёнинг турли нуқталаридан таклиф этишяпти. Вақт нуқтаи назаридан кўп таклифларни рад этишимга тўғри келади. Лекин турк қардошларимнининг, Ўзбекистоннинг, ЎзМУнинг бу таклифини бош устига қабул эттим. Бу менинг бурчим! Бу ерга ҳеч қандай моддий манфаатларсиз, соғинч билан келдим. Бу менинг шу ота Ватан олдидаги қарзим! Энг асосийси, мен бу ота Ватанга шу ердаги ёшларни илмга руҳлантириш учун келдим. Америкага ўзим билан Ўзбекистон байроғини олиб кетаман. Мен ўзбек ёшларини туркий давлатлар ёшлари учун қурган марказимда, Америкада кутаман. Мен турк дунёси ёшлари Нобель мукофотларини шу Ватан тупроғида туриб олишларини хоҳлайман”,- деди Азиз Санжар.

Ташрифнинг иккинчи куни мамлакатда илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланди. Азиз Санжарнинг фаолиятига бағишланган конференция доирасида профессорга ЎзМУ Фахрий доктори унвони тақдим этилди.

Ташриф давомида профессор Азиз Санжар бакалавриат, магистратура, докторантурада таҳсил олувчилар ва тадқиқотчиларга “ДНКнинг тикланиши, саратон ва кимёвий даволаш” мавзусида онлайн маъруза ўтди.

Шунингдек, олим ЎзМУнинг Тармоқлараро молекуляр биология лабораториясининг очилиш маросимида иштирок этди. Шу йилнинг 18-21 октябр кунлари Азиз Санжар Урганч, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига тарихий меъморий обидаларини зиёрат қилиш учун ташриф буюради.

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
15500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari