Қадрли университет жамоаси! Муҳтарам устозлар, азиз талабалар!




Сиз, азизларни, профессор-ўқитувчиларни, талаба-ёшларни, университетнинг мен учун қадрли бўлган ҳар бир ходимини Янги йил байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман!

Барчангизга оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, ўзингизга мустаҳкам соғлик-саломатлик тилайман.

 Якунланиб бораётган 2019 йил университетимиз учун тарихий воқеларга ва улкан ютуқларга бой йил бўлди. Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз эвазига катта ўзгаришларни амалга оширдик.

Айниқса, муҳтарам Президентимизнинг университетимизга ташрифлари, махсус қарор ва дастурлар қабул қилинганлиги, иқтидорли талабамизнинг шахсан президентимиз мукофотига сазовор бўлиши, юртбошимиз томонларидан замонавий лабораториялар учун маблағ ажратилиши, университет жамоаси учун уй-жойлар барпо этилиши сизу- бизга бўлган эътибордир. Бундай ишонч ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

Бугунги кунда университетимиз талабалар сони 10603 нафардан 15375 нафарга, магистрантлар сони 877  нафардан 1455  нафарга ошди. Профессор-ўқитувчилар сафига 113 нафар ёшлар жалб этилиши улар орасида 7 нафари хорижда таълим олган ёшларимиз эканлиги ҳам университетимиз ривожи учун жуда катта натижадир.

Айниқса, ёшларимизнинг кайфияти мутлоқ бошқача. Сўнгги йилларда уларнинг илм-фанга бўлган қизиқиши кескин ошди. Илм-фан орқали жамиятда ўз ўрнини топиши, эл-юртга хизмат қилиб ҳурмат эътиборда бўлишини ҳис қилди. Бунга ишонди, инонди!

 

Университет ҳузурида Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий маркази ўз фаолиятини бошлади. Олийгоҳимиз нафақат республикамиз, балки халқаро таълим тизимида ҳам ўз ўрнини эгалламоқда. Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мавжуд қўшма таълим дастурлари сони 4 тадан 10 тага етказилди. Жумладан, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети билан қўшма таълим дастури доирасида “Психология (ижтимоий психология)”, “Сунъий интеллект” бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.

 

Бу натижалар, Сизларнинг сай-ҳаракатларингиз ва меҳнатингиз самарасидир, албатта.

Ҳурматли дўстлар! Қадрли жамоа!

Биз сиз билан 2020 йилни қарши олар эканмиз университетимиз равнақи йўлида барча имконият эшикларини бирга очамиз, келгуси йил  бирга, ҳамжиҳат бўлиб жаҳон халқаро рейтингида ўз ўрнимизни эгаллаймиз, албатта.

Республикамиздаги таянч олийгоҳ сифатида энг аввало юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, республикамизни гуллаб яшнашига университетимиз ўзининг кўп қиррали фаолияти билан ўз ҳиссасини қўшишига ишонаман. Шу билан бирга ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларимизни амалга оширишга барча имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

 Ўзбекистон Миллий университети ректори,

профессор Авазжон Марахимов

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura