Ўзбекистон Миллий университети профессори Озарбойжон Миллий илмлар академиясининг “Йил олими” мукофотига сазовор бўлди

Озарбойжон Миллий илмлар академияси Низомий номидаги Адабиёт институти Илмий кенгаши қарори билан 2019 йил натижаларига кўра Ўзбекистон Миллий университети профессори, Ўзбек филологияси кафедраси мудири Ҳамидулла Убайдулла ўғли Болтабоев “Йил олими” унвони ва АМИА нинг мукофотига лойиқ деб топилди.


Ўзбек олимига Озарбойжон илмий жамоалари томонидан эътироф этилишининг боиси нима? ОзМИА вицепрезиденти, акад. Иса Ҳабиббейлининг Табрик хатида ёзилишича, “Озарбойжон адабиётига оид ўнлаб илмий мақолалар эълон қилгани, озар адиблари Низомий, Фузулий, Жалил Мамматқулизода, Ҳусайн Жовид асарларини Ўзбекистонда чрп этиш орқали уларнинг бой ижодий меросини тарғиб этгани, Бокуда ўтган Европа Гуманитар Форумида ва Озарбойжонда ўтказилаётган халқаро анжуманлардаги фаол иштироки учун, жумладан, улуғ ўзбек шоир ва мутафаккирлари Алишер Навоий, Бобур, Фитрат, Холид Саид ижодига оид Озарбойжоннинг нуфузли илмий журналларида мақолалар эълон қилгани ҳамда ОзМИА нинг “Озарбойжон-Ўзбекистон адабий алоқалари” бўлимини ва Бобур номли халқаро жамоат фондининг Озарбойжон бўлимини ташкил этишдаги фаоллиги учун” ўзбек олими ушбу илмий мукофотга сазовор бўлган.


Шунингдек, қайд этиш лозимки, проф. Ҳамидулла Болтабоевнинг “Адабиёт энциклопедияси” (1-жилд, 2015; 2-жилд, 2019), “Жаҳон адабиётшунослиги тарихи” (2019), “Адабий-эстетик тафаккур тарихи” (М.Маҳмудов билан ҳаммуаллиф: 1-жилд, 2013; 2-жилд, 2016; 3-жилд, 2019) каби тадқиқотлари жаҳон аадбиётшунослари томонидан эътироф этилмоқда. Ушбу асарлар ҳақида АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Озарбойжон, Қирғизистон олимлари томонидан тақриз ва мақолалар эълон қилинган.

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura