БУГУН ЎЗБЕК ФАНИ ВА ФАЛСАФАСИ ОҒИР ЖУДОЛИККА УЧРАДИ


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети Ижтимоий фанлар факультети Фалсафа ва мантиқ кафедраси доценти фалсафа фанлари номзоди Маматхон Шарипович Шарипов 73 ёшда вафот этдилар. Устоз Маматхон Шарипович нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёда фалсафа илми ривожига ўз билим ва тажрибаси, ҳатто, умрини бахшида этдилар. Умрларининг сўнгги кунларида ҳам оғир хаста эканликларига қарамай, талабаларга билим бериш, уларнинг маънавий дунёсини юксалтиришдан бир нафас бўлсада тўхтамадилар.

Маматхон Шарипович нафақат моҳир педагок, забардаст олим, уста ташкилотчи ва раҳбар, қолаверса, жонкуяр, ҳалим инсон сифатида ҳам барчамизнинг хотирамизда қоладилар.

Маматхон Шарипович ўзининг қарийб 45 йиллик илмий педагоик фаолиятлари мобайнида юзлаб бакалавр ва магистрлар, ўнлаб фан номзодлари ва PhD шогирдларни етиштирдилар. Айнан устознинг маҳсулдор меҳнатлари боис мамлакатимизда ўнлаб мантиқ ва фалсафа тарихи бўйича етук мутахассислар шаклланди.

Мантиқ, унинг нисбатан мураккаб соҳалари бўлган диалектик мантиқ, семантик мантиқ сингари соҳаларида устоз сермаҳсул ижод қилиб кўплаб маҳаллий ва халқаро миқёсдаги нашрларда илмий мақолалар эълон қилдилар. Мантиқ илмидан бир неча дарслик ва ўқув қўлланмалар чоп эттирдилар. Мазкур соҳанинг юртимизда кам тараққий этган йўналишлари ривожига улкан ҳисса қўшдилар.

Устознинг илмий ижодий фаолиятлари биргина мантиқ соҳаси билан чекланиб қолмасдан, фалсафанинг умумназарий масалалари, фалсафа тарихи, билиш услублари сингари қатор фалсафий соҳаларда ҳам серунум бўлган.

Устоз республикамизда биринчилардан бўлиб, қадимги дунё фалсафасининг ҳам Шарқ, ҳам Ғарб қисмларини тўла қамраб олган ўқув қўлланмани, фалсафа йўналиши талабалари учун “Мантиқ тарихи ва назарияси” (ҳаммуаллифликда) дарслигини нашрга тайёрлаганликлари   сўнгги йилларда ҳам сермахсул ижод  қилганликларидан далолат беради.

Устоз Маматхон Шарипович, Фалсафа ва мантиқ кафедраси, Ижтимоий фанлар факультети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети, қолаверса, бутун Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё миқёсидаги, XX асрнинг иккинчи ярми, XXI асрда ижод қилган забардаст серқирра файласуф олим, моҳир ва жонкуяр устоз, энг муҳими, ҳалим яхши инсон сифатида барчамизнинг қалбимизда қоладилар.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Шарипов Маматхон 1947-йил Чимкент вилояти, Туркистон тумани Қорачиқ қишлоғида туғилган. Миллати - ўзбек. 1966 – 1971-йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ ) Фалсафа-иқтисод бўлимида таҳсил олган. 1971-1974- йиллар Москва Давлат Университети аспиранти. Фалсафа фанлари номзоди, доцент. 1975-йилдан бошлаб ЎзМУ Фалсафа факултети “Фалсафа тарихи ва мантиқ” (ҳозирда “Фалсафа ва мантиқ”) кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири лавозимларида ишлаб келган. Олий ўқув юртлари учун “Мантиқ” (2004, ҳаммуаллифликда) ўқув қўлланмаси учун “Истеъдод” жамғармасининг, II даражали дипломи билан тақдирланган. Академик лицейлар учун “Мантиқ” (2012) ўқув қўлланмаси, иккита монография, кўп сонли илмий рисола ва мақолалар муаллифи.

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
15275 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
56 Yo‘nalish bakalavr
91 Mutaхassislik magistratura